Технология | 16:55 / 10.10.2024
6265
3 дақиқада ўқилади

Қоядаги фил ва жирафа — одамларни ишонтирган видеолар сунъий идрок маҳсули бўлиб чиқди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда фил ва жирафанинг тоғ чўққисидан қутқарилиши акс этган иккита видео кенг тарқалди. Видеолар шарҳида бу қадар катта жониворлар қандай қилиб тик чўққига чиқиб қолгани ҳақида савол ўртага ташланади. Бу эса интернет фойдаланувчилари орасида кўплаб баҳсларга сабаб бўлди.

Фото: Видеодан кадр

Аммо кўп ўтмай, ушбу видеолар сунъий идрок ёрдамида яратилгани маълум бўлди.

Видеоларнинг қай даражада ҳақиқатга тўғри келишини текшириш мақсадида Factly жамоаси бутун дунёдаги оммавий ахборот воситаларидан бирортаси бу ҳодисалар хабар берган-бермаганини аниқлашга киришди. Қидирув давомида ушбу видеолар ҳақида ҳеч қандай ишончли маълумот топилмади.

Шундан сўнг иккала видеонинг асосий кадрларидан фойдаланиб, интернетда тескари тасвир қидируви амалга оширилди. Изланишлар A Thing Inside номли YouTube каналига юкланган филни қутқариш видеосининг асл версиясига олиб борди.

Видео 2024 йил 2 октябр куни “АҚШ полицияси қояда қамалда қолган филни қутқарди” сарлавҳаси билан жойлаштирилган. Бироқ видеонинг тавсиф қисмида контент қандай йўл билан яратилгани ҳақида изоҳ мавжуд. Унда шундай огоҳлантирилган: “Ўзгартирилган ёки сунъий контент. Овоз ёки тасвирлар сезиларли даражада таҳрирланган ёки рақамли тарзда яратилган.”

Бундай ёрлиқ YouTube’даги махсус функция бўлиб, у контентда “ўзгартирилган ёки сунъий яратилган” кадрлардан фойдаланилгани ҳақида огоҳлантиради. А Thing Inside каналида шунга ўхшаш кўплаб видеолар бор.

Ушбу изоҳ у ҳақиқий воқеани акс эттирмасдан, рақамли тарзда яратилганини исботлайди. Бундан ташқари, видеодаги кўплаб белгилар унинг рақамли ёки сунъий идрок ёрдамида яратилганига ишора қилади. Масалан, видеодаги одамлар роботсимон тарзда ҳаракатланади; уларнинг юзлари хира ва ноаниқлиги, қўлларининг шакли доим ўзгариб туриши одатда сунъий идрок томонидан яратилган видеоларда кузатилади.

Бундан ташқари, видеонинг бир жойида йўқ жойдан филнинг думи пайдо бўлади. Экскаваторнинг илгаги ҳам бир неча кадрларда турлича кўринади, тоғ юзасининг шакли эса ҳар бир кадрда ўзгариб туради.

Ушбу каналда жирафа видеоси топилмаган бўлса-да, ундаги белгилар ҳам контент рақамли тарзда яратилганини кўрсатади. Иккала видео Hive Moderation (сунъий идрок томонидан яратилган контентни аниқлаш воситаси) орқали текширилди. Дастур ҳисоботида ҳар иккала видеонинг сунъий идрок ёрдамида яратилган бўлиш эҳтимоли юқори экани айтилди.

Хулоса қилиб айтганда, сунъий идрок ҳар томонлама одамларни сохта маълумотларга ишонтириб қўйишда давом этмоқда. Юқоридаги видеоларга ўхшаш минглаб контентларни топиш мумкин. Уларни факт-чек қилиш эса замоннинг муҳим талабига айланмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид