Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 62-мактабнинг ўзбек тили ўқитувчиси ўқувчилари кўз ўнгида иккинчи қават деразасидан мушук улоқтирди. Мушукча ҳалок бўлди.

Пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳига кўра, воқеа 27 сентябр куни содир бўлган. 7-синф ўқувчилари «она тили дарсига ўзбошимчалик билан мушук олиб кирган».

«Ўқитувчи ўқувчилар дарс машғулотлари пайтида чалғимасликлари учун мушукни деразадан ташлаб юборган», — дейилади пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарида. Мушук ветеринар кўригидан ўтказилганда жиддий жароҳатлар аниқланмаган.

«Мушуккент» лойиҳасига кўра, мушукча иккинчи қаватдан қулаши оқибатида кўплаб жароҳатлар олган. Ecolog.uz хабарига кўра, ветеринария клиникасида олинган рентген ва ултратовуш текширувларида тос суяги синиши, умуртқа поғонаси шикастланиши, ички аъзоларда кўкаришлар жароҳатлари аниқланган. Мушукча кейинчалик нобуд бўлган.

Учтепа тумани суди томонидан ўқитувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (375 минг сўм) миқдорида жарима солинган.