Ўзбекистон | 13:29 / 14.10.2024
8836
2 дақиқада ўқилади

2024 йилнинг 9 ойида UzAuto Motorsʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 89 фоизни ташкил қилди

Жорий йилнинг дастлабки III чорагида Ўзбекистонда 303 минг 373 дона автомобил сотилган. Мазкур даврда ҳар учта сотилган автомобилнинг биттасини Cobalt ташкил қилган. Корхоналарнинг маҳаллий бозордаги улуши UzAuto Motorsʼда 89,4 фоиз, ADM Jizzakhʼда 6,5 фоиз, BYD Uzbekistan Factoryʼда эса 3,8 фоиз.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда жорий йил январ-сентябр ойларида 303 минг 373 дона автомобил сотилган. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ тайёрлаган ҳисоботда келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида UzAuto Motors 271 минг 221 дона, ADM Jizzakh 19 минг 766 дона, BYD Uzbekistan Factory 11 минг 580 дона, Jizzakh Auto 328 дона, Asaka Motors 284 дона, SamAuto 194 дона автомобилни харидорларга етказиб берган.

2024 йилнинг дастлабки III чорагида корхоналарнинг ички бозордаги улуши қуйидагича:

  • UzAuto Motors – 89,4 фоиз;
  • ADM Jizzakh – 6,5 фоиз;
  • BYD Uzbekistan Factory – 3,8 фоиз;
  • Jizzakh Auto – 0,1 фоиз;
  • SamAuto – 0,1 фоиз;
  • Asaka Motors – 0,1 фоиз.

Энг кўп сотилган автомобил – Cobalt. Ҳисобот даврида 99 минг 577 дона ушбу моделдаги автомобиллар харидорларга етказиб берилган. Кейинги ўринларда Damas (71 минг 875 дона) ва Tracker (31 минг 736 дона) қайд этилган. 

Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистон енгил автомобиллар бозори ҳажми 456 минг 347 донани ташкил этган. Шундан UzAuto Motors ҳиссасига 4 млрд 852 млн долларлик 369 минг 999 дона автомобил, ADM Jizzakhʼга 823 млн долларлик 25 минг дона автомобил тўғри келган. Шунингдек, 2023 йилда 291 млн долларлик 8 минг 948 дона BYD автомобили, 1 млрд 197 млн долларлик 50 минг 435 дона бошқа русумдаги автомобиллар импорт қилинган. 

Мавзуга оид