Сўнгги кунларда бензин нархи ёқилғи қуйиш шохобчаларида сезиларли даражада қимматлашди. Бу биржада нархлар ошгани фонида рўй беряпти.

16 октябр ҳолатига, АИ-80 бензинининг 1 тоннаси 10 млн 32 минг сўмгача қимматлашди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида ўтказилган савдоларда ушбу маркадаги бензиннинг ҳар тоннаси 7 млн 293 минг сўмдан сотилган. Бир йил давомида биржа нархлари 37,5 фоизга ошди.

2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йилнинг 16 октябригача бўлган даврда биржада АИ-80 бензини ўртача нархлари динамикаси

Биржада таклиф кескин камайган

16 октябр кунги савдоларда биржага 1768 тонна АИ-80 бензини қўйилган. Солиштириш учун, бир йил аввал шу куни биржага 3180 тонна бензин чиқарилган. Нархларнинг ошиши ушбу маҳсулотнинг савдога қўйилиш ва сотиш ҳажми динамикаси билан бевосита боғлиқлиги кўринади, яъни таклиф қисқаргани ортидан нархлар ошмоқда.

Ваҳоланки, расмий рақамлар шуни кўрсатадики, ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳам, импорт ҳажми ҳам кўпайган. Хусусан, 2024 йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 896 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда (2023 йилнинг январ-август ойларида 892 минг тонна) 4 минг тоннага кўпроқ.

Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистонга нефт ва нефт маҳсулотларининг импорти 29,5 фоизга кўпайиб, 1 млрд 422 млн долларни ташкил қилган.

Kun.uz билан суҳбатлашган хусусий АЁҚШлар тармоғи эгасининг таъкидлашича, айни пайтда уларга биржадан олинган бензиннинг 1 литри 7900 сўмга айланмоқда. Шунингдек, бунга солиқлар, ташиш ва сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳам қўшилади. Натижада таннархнинг ўзи 8500 сўмгача етиши мумкин.

“Нархларнинг ошишига ҳамма учун бир хил қоидалар ишламаётгани, биржага чиқарилаётган бензин ҳажмининг кескин қисқартирилгани асосий сабаб бўлди. Хабарингиз бўлса, Ўзбекистонга K2 тоифага киритиладиган бензинни импорт қилиш тақиқланди. АИ-80 шу тоифага киради. Шунинг учун четдан импорт қилиш ҳам тўхтаб қолди, биз учун ягона ечим биржага қўйиладиган миқдорни кўпайтириш. Айни пайтда ҳар бир МЧЖга кунлик савдоларда 4 тонналик лимит ҳам қўйилган. Шуни ҳам 10 тоннагача ошириш керак”, деди у.