Туркистон сўзи илк марта VI-VII асрлардаги ёзма манбаларда учрайди, кейинги даврларда ҳам бу атама кенг қўлланган, жадидлар ҳам бежиз бу номга мурожаат қилишмаган, дейди турколог Жўлибой Элтазаров. Мустафо Камол университетидан Назрин Ализоданинг сўзларига кўра, турк дарсликларида Марказий Осиё атамасининг Туркистонга алмаштирилиши янги минтақавий кучлар нисбатини яратишга интилишдан дарак беради.
Туркиядаги тарих дарсликларида “Марказий Осиё” атамаси “Туркистон” билан алмаштириляпти. Турк расмийларига кўра, бу қарор ёш авлодда миллий ўзлик ва ватанпарварлик туйғуларини камол топтиришга қаратилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган.
Туркий дунёнинг икки энг йирик мамлакати – Туркия ва Ўзбекистон алоқалари илиқлаша бошлаган 2016-2017 йиллардан бошлаб, туркий ўзлик асосидаги ҳамкорликка интилишлар анча жонланди. 90-йиллар бошида тамал тоши қўйилган Туркий кенгаш 2018 йилда Ўзбекистон аъзо бўлиши билан Туркий давлатлар ташкилотига айлантирилди.
Самарқанд давлат университети профессори, турколог олим Жўлибой Элтазаровнинг сўзларига кўра, қадимги сўғд манбалари, “Девони луғотит турк” асари ва кейинчалик Навоий асарларида ҳам Туркистон атамаси учрайди.
“Бу – биз учун тарихий ватан номидир. Буни унуттириш учун минтақа алоҳида 5 та миллат ва мамлакатга ажратилган. Аммо халқлар бир ном остида бирлашган даврини унутмаган. Ҳатто жадидлар ҳам шу ном остида бирлашиш учун курашган. Мана, бугунга келиб жадидларнинг асарларини кенгроқ ўрганмоқдамиз, бунга яна бир карра амин бўлмоқдамиз”, дейди у.
Мустафо Камол университети халқаро алоқалар бўлими ўқитувчиси Назрин Ализода узоқ вақт давомида қўлланган Ўрта Осиё атамаси (кейинчалик Марказий Осиёга алмаштирилган) Россия империяси томонидан жорий этилганини урғулайди.
“Дарсликларда “Ўрта Осиё” атамаси “Туркистон”га алмаштирилиши борасида ҳар хил фикрлар айтиляпти, айримлар ҳатто Туркияни турк дунёсига даъвогар давлат деб ҳам таърифламоқда. Тарихий манбаларга мурожат қилсак, бу ҳудуд Туркистон номи билан атаб келинганига гувоҳ бўламиз. Россия истилоси билан параллел равишда XIX асрга келиб бу ҳудуд Ўрта Осиё деб аталганини кузатиш мумкин. Географик жиҳатдан жуда катта бу ҳудуд руслар истилосидан кейин парчаланиб кетган. Россия империяси Туркистонни XIX асрда тўлиқ босиб олган, Игнатев бошчилигидаги жамоа минтақада руслаштириш сиёсатини олиб борган. Чунки бу ҳудуд ерости ва ерусти бойликларига бой эди. Россиянинг Европа банкларидан олган қарзларини қоплаш учун ҳам Марказий Осиё воз кечиб бўлмайдиган бир ўлжадек эди”, дейди Назрин Ализода.















