Англия: «МЮ» ва «Астон Вилла»да камбэклар

«Манчестер Юнайтед» – «Брентфорд» - 2:1
Голлар: 0:1 – 45+5 Пиннок, 1:1 – 47 Гарначо, 2:1 – 62 Ҳойлунд.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, Эванс, де Лигт, Диогу Далот, Каземиро (Угарте, 88), Эриксен, Гарначо, Бруну Фернандеш, Рэшфорд, Ҳойлунд (Зиркзе, 74).
«Брентфорд» – Флеккен, Айер, Пиннок, Коллинз, ван дер Берг (Роэрслев, 87), Янелт (Ярмолюк, 75), Нергор, Мбемо, Дамсгор, Люис-Поттер (Висса, 66), Шаде (Карвалю, 74).

«Брентфорд» — илк дақиқаларни даҳшатли бошлаши билан ажралиб турадиган жамоа. «Асаларилар» қаторасига уч турда биринчи дақиқадаёқ ҳисобни очишди, тўртинчи ўйинда эса иккинчи дақиқада гол уришди. Кўпчилик қаторасига бешинчи турда ҳам «Брентфорд»дан тезкор гол кутганди, аммо «Олд Траффорд»дагилар бунга йўл қўйишмади. Ҳолбуки ўйин айнан меҳмонларнинг ҳужумлари билан бошланганди, кейин эса мезбонлар ташаббусни ўз қўлига олишди. «МЮ» ҳужум чизиғида доимгидек Гарначо ўз фаоллиги билан ажралиб турди, унинг яқин масофага йўллаган зарбасини Флеккен қайтарди.

34-дақиқада «МЮ»да пеналтига тенг вазият бўлганди. Эриксен дарвоза қаршисига тўп билан чиқиб борди ва унга ҳеч ким жиддий қаршилик кўрсатмаётганди. Бундай позициядан туриб гол ура олмаслик гол уришдан қийинроқдек кўринганди, аммо даниялик яримҳимоячининг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.

Биринчи бўлимда уникал эпизод юзага келди. Де Лиҳт боши билан рақиб футболчисининг тиззасига зарба берган ҳолда фол ишлатди. Бош ва тизза тўқнашган бундай ҳолатларнинг 99 фоизида бош билан ўйнаган футболчи фойдасига қарор чиқарилади. Аммо бу ҳолатда акси кузатилди — ҳимоячи рақиб ҳужумини тўхтатиш учун ҳаракат қилганди. Бу ҳолатда ҳимоячининг боши ёрилди, аммо у ўйинни давом эттиришга қарор қилди.

Бу дарҳол бўлмаса-да, ўйинга таъсир кўрсатмай қолмади. «Брентфорд» илк дақиқаларда гол урмаган бўлса ҳам, бўлимнинг охирги дақиқаларида ҳисобни очди. Танаффус арафасида де Лиҳтнинг боши яна қонга беланган ҳолатда эди ва ҳакам регламентга кўра нидерландиялик футболчи тиббий ёрдам учун майдонни тарк этиши кераклигини кўрсатди. Айнан шу паллада «Брентфорд» бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди. Пиннок Далот таъқибидан қочиб кетиб, бош билан зарба йўллади, бу ҳолатда Онанада имкон йўқ эди.