Умра лицензияси учун талаблар қийинлаштирилди: зиёрат нархлари ошиши мумкин. Ҳукумат 2030 йилги ЯИМ прогнозини янгилади: ваъда қилинаётган кўрсаткичлар иқтисодий мўжизага тенг. Ўзбекистон КХШТ ва ЕОИИга аъзо бўлмайди, кичик АЭСлар эса бутун республика бўйлаб қурилиши мумкин. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

“Умрачи” фирмаларга янги талаблар

Дин ишлари бўйича қўмита Умра лицензияси учун янги талабларни эълон қилди. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган бу талаблар аввалгисидан анча қийин: эндиликда Умра зиёратини ташкил этиш билан шуғулланувчи фирмалар 100 минг доллар эмас, 1 млн доллар миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйиши керак. Бундан ташқари, лицензия олган фирма Умра хизматларини учинчи давлатлар ёки бошқа туроператорлар орқали кўрсатмаслиги, Саудиядаги ҳамкор компания билан ўзаро ҳисоб-китобларни фақат банклар орқали амалга ошириши керак бўлади.

Шу ва бошқа қатор талабларни бузган юридик шахслар 75 млн сўм жаримага тортилади. Талабларнинг кучайтирилишини расмийлар айрим турфирмаларнинг ножоиз ҳаракатлари билан изоҳлади. Қайд этилишича, турфирмалар томонидан визаларни сохталаштириш, меҳмонхоналарда жой банд қилмаслик, қайтиш авиачипталарини харид қилмаслик каби ташкилий камчиликларга йўл қўйилган. Натижада 13 мингдан ортиқ фуқаро хорижда сарсон бўлган, бир неча минг ўзбекистонлик Саудияда бўлиш қоидаларини бузгани учун депорт қилинган.

Аввалги лицензиялар бекор қилинмагунча, Ўзбекистонда 100 минг доллар маблағни захира қилиб қўйган 77 та турфирма Умра хизматларини кўрсатаётганди. Захира талабининг 10 баробарга оширилиши “умрачи” фирмалар сонини кескин қисқартириши аниқ. Таннархнинг ошиши ва рақобат муҳитининг ёмонлашиши эса якунда ўзбекистонликлар учун Умрага бориш қимматлашишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев 1 млн долларни катта миқдор эмас деб ҳисобламоқда.

“Энди, бу катта миқдор эмас. Хабарингиз бўлса керак, бунга қадар 100 минг доллар қўйиш [мажбурияти] бор эди. Ўшанда 15 мингга яқин фуқароларимиз Саудия Арабистонида қолиб кетди, уларнинг ҳаммаси ҳукумат томонидан олиб келинди. Бу ҳақда бирор марта ёритмадингиз…