Ўтган вақт мобайнида Яҳё Синвар асосан Ғазо сектори остидаги туннелларда, тан соқчилар гуруҳи ҳимоясида, Исроилда гаровга олинганларни жонли қалқон қилган ҳолда яширингани айтиб келинганди.

Якунда эса Синварнинг ўлими Ғазо жанубида исроиллик ҳарбийлар патрули билан тасодифий тўқнашув вақтида рўй берди. Бу вақтда Синварга фақат икки киши ҳамроҳлик қилган, атрофда эса гаровдагилар бўлгани белгилари йўқ.

Синварни бир йилдан ортиқ вақт беҳуда қидиришди — якунда эса тасодифан ўлдиришди

Исроил қўмондонлиги Синвар ҳалок бўлган жойда

Исроил ҳукумати урушнинг илк кунларидан очиқчасига Синварни Ғазо секторидаги асосий нишони сифатида эълон қилганди. Исроил мудофаа армиясидагилар уни «тирик жасад» деб аташган ва хоҳ тирик, хоҳ ўлик топилмагунича унга ов тўхтамаслигини қайд этишганди.

CNN телеканалининг америкалик расмийлар орасидаги манбаларига кўра, исроиллик ҳарбийлар Синварни тутишга бир неча марта жуда яқин келишган. Бир сафар уларнинг қўлига Ҳамас раҳбари ва унинг оила аъзолари туннеллардан бирида яширингани акс этган видео ҳам келиб тушган. Бошқа сафар эса Синварга оид ДНК белгиларини кейинроқ август ойи охирида гаровдаги олти киши жасади топилган туннелда, ўша жойдан бир неча юз метр масофада учратишган.

Синвар 16 октябр куни Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида олиб борилган кундалик рейдлардан бири вақтида ҳалок бўлди. CNN телеканалининг Исроилдаги манбасига кўра, 828-бригада ҳарбийлари атрофдаги бинолардан бири томон югураётган уч кишини пайқаб қолиб, ўт очган ва ўртада отишма бошланган. Исроилликлар танкдан улар яширинган бинони ўққа тутган, шундан кейин вайрон бўлган бино ичкарисига дрон учирилган. Учувчисиз учар қурилма яродор Синвар ҳаётининг охирги лаҳзаларини видеога олган: у харобалар орасида стулда ўтирган, ўнг қўли жиддий яралангани учун чап қўли билан дрон томонга ёғоч парчасини улоқтирган. Шундан кейин видео узилади.