Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Байрут жанубида мамлакатнинг энг йирик шифохонасига Исроил томонидан йўлланган авиазарба оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлиб, 50 дан ортиқ киши яралангани, уларнинг аксари — болалар эканини маълум қилди. Ливандаги мухбирлар хабар беришича, шифохона биноси жиддий шикастланган, атрофдаги бинолар ҳам вайрон бўлган.
Исроиллик ҳарбийлар уларнинг нишони «Ҳизбуллоҳ»нинг шу атрофдаги позицияси бўлганини айтишган, аммо бу ҳудуд гуруҳнинг доимий таянч ҳудуди эмасди.
Душанба куни «Ҳизбуллоҳ» Исроил ҳудудини ракеталар билан ўққа тутишда давом этди, уларнинг катта қисми тутиб қолинган, қолганлари очиқ жойларга қулаган ва ҳеч кимга зарар етказмаган.
Сешанба куни гуруҳ ҳарбий ҳаракатлар давом этаркан, Исроил билан музокара ўтказмаслигини, Исроил асир олган жангчилари ҳаёти ва саломатлиги учун жавобгарлигини билдирди.
«Ҳизбуллоҳ Исроил бош вазири Нетаняҳунинг уйига қилинган ҳужум учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади», — деди Байрут жанубидаги матбуот анжуманида «Ҳизбуллоҳ» расмий вакили Муҳаммад Афиф.
Исроил шанба куни Нетаняҳунинг уйига дрон учирилганини хабар қилганди. Бу вақтда бош вазир уйда бўлмаган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен сешанба куни Исроилга келиб қўнди. Бу ушбу америкалик дипломатнинг Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш бошланганидан буён минтақага 11-бор ташриф буюришидир, Америка томони ўтган ҳафтада Ҳамас етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганидан кейин Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатишга эришишга ҳаракат қилмоқда.
Афтидан, бу натижаси АҚШнинг минтақадаги сиёсатини ўзгартириши мумкин бўлган президентлик сайловлари олдидан демократлар маъмуриятининг можарони ҳал қилиш жараёнида муваффақиятга эришиш учун сўнгги уриниши бўлади.
Вашингтон Ҳамаснинг 7 октябр кунги ҳужуми ташкилотчиси ҳисобланган Яҳё Синвар ўлдирилиши тинчлик ўрнатиш учун янги имкониятлар эшигини очишига умид қилмоқда.
Аммо дипломатлар ва бошқа манбалар сайловда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, Исроил Американинг янги маъмурияти ҳокимиятга келгунича ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун ҳарбий кампаниясини тезлаштирмоқда.
Ғазода ҳам, Ливан жанубида ҳам Исроил ҳарбий амалиёти якунланишидан дарак йўқ.

Блинкен сафари бошида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Йоав Галлант ва бошқа расмий шахслар билан учрашиши кўзда тутилган, шундан кейин у Иордания ва Қатарда ҳам бўлади.
















