2023 йилда Ўзбекистон тарихида илк марта бир йил ичида 1 миллионга яқин чақалоқ туғилди. Ўзбекистонликлар сони 37 миллиондан ошган. Хўш, бу тренд кейинги йилларда ҳам сақланиб қоладими, тахминий прогнозлар қандай? Никоҳлар йилдан йилга камайиб боряпти, бироқ туғилиш ўсяпти. Бунга сабаб нима?

Кўп болали оилалар

Адиба Менглиева 29 ёшда, у оиласи билан Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида яшайди. У салкам қаҳрамон она. Чунки 7 йил ичида 4 нафар фарзандни дунёга келтирган. Адибанинг учинчи қизи эса ўтган йилнинг рекордчи чақалоқларидан бири. Боиси 2023 йилда Ўзбекистон тарихида илк бор 1 йил ичида 1 миллионга яқин чақалоқ туғилди. Адибанинг учинчи қизи ҳам шу рекордни ўрнатишга ёрдам берган. Адиба 22 ёшида оила қурган ва илк фарзандини 23 ёшида дунёга келтирган. “Кейинги фарзандим 25 ёшимда, 28 ёшимда эса учинчи ва 29 ёшимда тўртинчи фарзандим туғилди”, – дейди у.

29 ёшли Адиба Менглиева

Иқтисодчи, демографик тадқиқотчи Муҳаббат Аҳмедованинг айтишича, Ўзбекистонда туғилишнинг ўсишига Адибага ўхшаган аёллар катта таъсир кўрсатяпти. Туғилиш ўсаётганига сабаб янги оилалар кўпаяётгани эмас, балки оилалар кўп фарзандли бўлиш моделига ўтаётгани бўлиши мумкин. Бу ҳақда 2022 йилда ўтказилган тадқиқоти натижаларидан мисол келтиради. “Сўнгги 5 йилда, айниқса 2018 йилдан бошлаб ҳар бир оилага 3 ва ундан кўп фарзандлар тўғри кела бошлаган. Бунинг сабабини билиш учун 2022 йилда Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичларига қандай омиллар таъсир қилиши бўйича сўровнома ўтказганмиз. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи 3 ва ундан ортиқ фарзандли аёллар қатнашган”, – дейди у.

Шунингдек, кўп болали оилаларнинг кўпайишига Ўзбекистонда даромадлар ошиши ҳам таъсир қилаётгани аниқланган. Яъни даромад ошса, оилалар фарзандларини кўпайтиришган. “Бу Марказий Осиёдаги бошқа давлатлардан кескин фарқ қиладиган бир тенденция”, – деди иқтисодчи.