Исроил қўмондонлиги вакиллари таъкидлашича, тунги авиарейд натижасида Эроннинг ракета ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, «ер-ҳаво» синфидаги снарядлари арсеналлари ҳамда бошқа қуроллари йўқ қилинган.

The New York Times маълумотига кўра, Исроил зарбалари оқибатида мамлакат жанубидаги нефтни қайта ишлаш ва нефт-кимё заводлари, газ кони ҳамда портни ҳимоя қилиш учун ўрнатилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари аниқ нишонга олинган.

Axios эса Эрон баллистик ракета дастуридаги «ўта муҳим компонент» йўқ қилингани ҳақида хабар берган. Портал суҳбатдошларига кўра, нишонга олинган объектлар Эрон ўзи мустақил ишлаб чиқара олмайдиган ва Хитойдан сотиб олишга мажбур бўладиган «ўта мураккаб ускуналар»дир. Уларнинг тикланиши учун «камида бир йил кетиши мумкин». Эрон ҳамон баллистик ракеталарнинг катта захирасига эга бўлса-да, Исроилдаги манбаларга кўра, Эрон энди янги баллистик ракеталар ишлаб чиқара олмаслиги факти унинг «Ҳизбуллоҳ» ва ҳусийчилар каби ҳамкорларининг баллистик ракета захираларини тўлдириш имкониятини чеклайди.

Исроил етакчилари мамлакат авиацияси зарбалари яҳудий давлатининг Теҳрон томонидан «ойлар давомида тўхтовсиз давом этган ҳужумлари», жумладан, Эроннинг 1 октябр куни Исроил ҳудудини ёппасига ўққа тутишига жавоб бўлган.

Исроил армияси бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳалеви (чапда) Эрон бўйлаб зарба вақтида ЦАҲАЛнинг Тел-Авивдаги штаб-квартирасида, 2024 йил 26 октябр
Israel Defense Forces / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Эрон режимига содиқ бўлган нашрлар «жиноий сионистик режим зарбаларини қайтариш чоғида» икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани (кейинроқ қурбонлар сони тўрт нафарга етди), аммо Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари зарбалари оқибатида гўёки жиддий зарар етказилмагани ҳақида хабар берган.

Бу маълумотни мустақил равишда текширишнинг имкони йўқ, аммо дипломатларга яхши маълумки, Ислом Республикаси ҳукумати бундай ҳолатларда одатда ўз йўқотишларини камайтириб кўрсатади.

Эрондаги «Тасним» ахборот агентлиги Теҳронинг Исроилга «мутаносиб» жавоб зарбаси бериши ҳақида ёзган.

Деярли барча йирик араб давлатлари тунги ҳужумни кескин қоралаб чиқди, аммо бу баёнотлардан бирортасида қасосга чақириқ йўқ.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари «рискни камайтириш ва можаро кўлами кенгайишининг олдини олиш учун» икки томон ҳам «максимал даражада вазминлик ва мулоҳазакорлик» кўрсатиши кераклигини таъкидлаган.