Жаҳон | 12:30
2735
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Tomahawk ҳақидаги маълумотлар махфий эди

Оммавий ахборот воситаларида Украинанинг Tomahawk ракеталарини сўрагани ҳақидаги маълумотларнинг пайдо бўлиши махфийлик йўқлигидан далолат беради, деди Володимир Зеленский.

Фото: news.telegraf.com.ua

Украина президенти Володимир Зеленский Киевнинг Россияни тўхтатиб туриш учун Американинг ўрта масофага учувчи «Томагавк» (Tomahawk) қанотли ракеталарини етказиб бериш ҳақидаги илтимосини тасдиқлади. Бироқ у 30 октябр, чоршанба куни Шимолий Европа ОАВ вакиллари билан суҳбат чоғида бу Украина ва АҚШ расмийлари ўртасидаги махфий маълумот эканини айтди.

«Оммавий ахборот воситаларида ҳозир нима бўлаётганини кўряпсиз: улар Украина «Томагавк» каби кўплаб ракеталарни олишни хоҳлаётганини айтишяпти. Лекин бу Украина ва Оқ уй ўртасидаги махфий маълумотлар эди. Бу хабарларни қандай тушуниш мумкин. Бу ҳамкорлар ўртасида ҳеч қандай махфий нарса йўқлигини англатади», — деди Украина раҳбари.

Tomahawk ракеталарининг масофаси Киев илгари оз миқдорда олган ATACMS қаттиқ ёнилғида ишловчи тактик баллистик ракеталаридан етти баравар кўп.

NYT: Зеленскийнинг «тийиб туриш пакети»га Tomahawk киритилган

Бир кун аввал The New York Times (NYT) Зеленскийнинг Ғарбга тақдим этган «ғалаба режаси»нинг оммага ошкор этилмаган қисми «ядровий бўлмаган тийиб турувчи пакет»ни ўз ичига олгани, у, Киевга кўра, Tomahawk ракеталарини олишни ўз ичига олиши мумкинлигини хабар қилган эди.

Шу билан бирга, юқори мартабали америкалик мулозимга кўра, Киевнинг илтимоси Вашингтонга «мутлақо имконсиз» кўриняпти.

Шимолий Европа ОАВга берган интервюсида Зеленский «ғалаба режаси» доирасида Қўшма Штатлардан узоқ масофали қуроллар пакетини нега сўраганини тушунтирди. Унинг таъкидлашича, бу қуроллар, биринчи навбатда, Россия вазиятни кескинлаштирган тақдирда, тўхтатувчи восита бўлиб хизмат қилиши керак эди.

«Мен бу огоҳлантирувчи усул эканлигини айтдим, улар бу эскалация деб жавоб беришди», деди у.

Мавзуга оид