Венгрия – гастрономик таассуротлар юрти
Венгрияликлар ўз ошхонаси ва гастрономик анъаналари билан фахрланишади. Венгрия миллий ошхонаси таомлар турфа хиллиги билан Европада 3-ўринни эгаллайди. Бу ерда зиравор ва қўшимчаларни жуда яхши кўришади (биргина паприканинг 7 хили бор, уни маҳаллий аҳоли ўз ерлари ва плантацияларида етиштиради).

Энг машҳур миллий таомлар: холасле (венгер балиқ шўрваси), бограч
(венгер гўштли шўрваси), лечо, гуляш, перкельт (жуда қуюқ гуляш), паприкаш (паприка билан тайёрланган гўштли таом), лангош, палачинта
аля Гундель (машҳур венгер дессерти) ҳисобланади. Ҳар бир сайёҳ буларни татиб кўриши керак.


Венгрияда 1999 йилдан бери ҳар йили Халқаро Гуляш фестивали ўтказиб келинади. Байрамда мамлакатнинг энг яхши ошпазлари очиқ ҳавода катта қозонларда хушбўй таомлар тайёрлаб меҳмонларга тортиқ қилишади.

Фестивалда дунёдаги энг катта гуляш (2,4300 л) тайёрланган ва бунинг учун 19 нафар ошпаз ва 40 нафар ошпаз ёрдамчилари 7 соат давомида пиширишган. Таом учун 700 кг мол гўшти, 140 кг пиёз, 8 кг саримсоқ ва 130 кг дан ортиқ қизил қалампир ишлатилган.

Бу ерда паприка мамлакатнинг яна бир гастрономик рамзи ҳисобланади. Венгриядаги совғалар учун паприкани мато қоплар ва чиройли форфор идишларда сотишади. Паприка ёғи ҳам ноёб совға саналади. Шунингдек, пишлоқларнинг ноёб турлари, турли мевалардан қуритиб тайёрланган шедевр ширинликлар, миллий ширинлик – марципан татиб кўриш ва харид қилишга ундайди.
Давлат пойтахти Будапештда овқатланиш арзон – нонушта, тушлик ва кечки овқат учун маблағ тежашнинг ҳожати йўқ. Шунинг учун ҳам сайёҳлар бу ерни Европанинг энг арзон туристик манзили сифатида қайд этишади.




















