Кооперативларга бирлашган фермерлар қатор давлатларнинг иқтисодий таянчига айланган. Энди Ўзбекистонда ҳам кооперативлар ташкил бўлиши ва ривожланиши, фермер ва деҳқон хўжаликлари ихтиёрий тарзда ўз ресурсларини бирлаштириб, юқори самарага интилишлари учун ҳуқуқий замин яратилди. Хўш, кооператив ўзи нима, янги қонун қандай ишлайди?

Kun.uz журналисти Шокир Шарипов бу мавзуда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департамент директори Соатмурод Қулмирзаев ва вазирлик бошқарма бошлиғи Суннатилла Рашидов ҳамда Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов билан суҳбат қурди.

Ш.Шарипов: Биринчи саволим, кооператив ўзи нима?

С.Қулмирзаев: Авваламбор барча деҳқонларимиз ва фермерларимизни қишлоқ хўжалик кооперативи тўғрисидаги қонун қабул қилингани билан табриклаймиз. Кооператив дегани бир гуруҳ юридик ёки жисмоний шахсларнинг бир мақсад сари куч ва ресурсларини бирлаштирган ҳолда муваффақиятга эришишидир. Масалан, охирги уч-тўрт йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 270 мингдан ортиқ ер майдонлари тарқатилди. Бу ер майдонларида 800 мингдан ортиқ, салкам 900 мингта деҳқон ва деҳқон хўжаликлари ташкил этилди, яъни кичик ишлаб чиқарувчилар.

Демак, кичик ишлаб чиқарувчилар ўзаро ихтиёрий равишда бирлашиб, маҳсулотларни сифатли ва жаҳон талабига жавоб бера оладиган даражада ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш учун ҳамкорлик қила бошлайди. Улар ресурсларда тежамкорликка эришиб, кам харажат билан юқори даромадни таъминлаш мақсадида ўзаро бирлашади. Бу жараёнга нафақат фермер ва деҳқонлар, балки таъминотчилар, қайта ишловчилар, экспортёр корхоналар ва бошқа агро тадбиркорлик субъектлари ҳам аъзо бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси бир мақсад сари, кооператив аъзоларнинг манфаати учун ишлайди.

Ш.Шарипов: Мен икки йил олдин немис мутахассиси Карл Кругдан кооперативлар тўғрисида интервю олгандим, у давлатимизга ушбу қонунни ишлаб чиқишда ёрдам берган бўлиб, кооператив ҳуқуқи бўйича халқаро эксперт ҳисобланади. У айтдики, фермерларнинг бирлашуви дегани фермерлар батамом бирлашиб кетади дегани эмас, ҳар бир фермер ўз фаолиятини давом этаверади, фақат керак бўлганда ресурсларни бирлаштиради, деган эди.

С.Қулмирзаев: Шундай. Масалан, кимдир маҳсулотни сақловчи омборхонага эга, бошқа бирининг эса маҳсулотни қайта ишловчи корхонаси бор, улар имкониятни бирлаштиришади. Бундан ташқари, кимдир турли хил хизматлар кўрсатади, масалан, ўғитларни ва уруғларни етказиб беради. Бу жараёнда ҳамма манфаат топади.