Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва Telegram’даги гуруҳ ва каналлар орқали овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар ва сувларни оғир касалликларнинг олдини олишда энг мақбул ва самарали восита кўринишида тарғибот қилиш кучайган. Бу бўйича Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди.
Бунда ушбу маҳсулотларнинг «минг бир хасталикка даво» сифатида, «мўъжизакор» таъсири ҳақида истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ, бўрттирувчи иборалар асосида реклама қилиниши, таниқли шахслар ва жамоат арбоблари томонидан тавсия қилиниши, даволашда фойдаланганликлари, таъсир доираси ва терапевтик самарадорлиги ҳақида фикрлар билдирилиши истеъмолчиларнинг режали (анъанавий) даволашдан воз кечиб, ўз-ўзини даволаш усулларини кенг қўллашига, ҳаттоки фожиали ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
«Айниқса, реклама лавҳаларида фуқароларнинг диний туйғуларидан фойдаланган ҳолда далил сифатида диний блогерларнинг суратлари, улар иштирокидаги видео ва аудио лавҳалардан фойдаланилиб (муайян бир савдо белгиси аниқ гапирилмаган бўлса-да), даволаш учун тавсиялар ва кўрсатмалар бериш орқали истеъмолчиларда маҳсулотларга нисбатан ишончнинг сунъий равишда оширилишига ва пировардида нотўғри хулоса чиқарилишига олиб келмоқда.
Ачинарлиси, бундай маҳсулотларнинг диний блогерлар томонидан бевосита реклама қилиниши истеъмолчиларни чалғитиб, уларда ушбу маҳсулотларнинг дори воситаси ва даволаш хусусиятига эга эканлиги ҳақида янглиш фикрлар шаклланишига ҳамда уларни истеъмол қилинишига ундамоқда», дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитасига рекламаларга ишониб, айнан шу каби маҳсулотларни сотиб олган, бироқ уларнинг истеъмоли натижасида соғлиги янада ёмонлашганлиги тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида БФҚлар бўйича мингтага яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, истеъмолчиларга 118 млн сўм моддий зарарлар қопланиши таъминланган.
Маълумот учун: «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига доир талаблар белгиланган:
- улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
- уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлиги, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
- уларнинг қўлланганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги; соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;

















