Тошкент шаҳрида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 4 млн донадан ортиқ пиротехника воситаси махсус хандаққа кўмиш йўли билан йўқ қилинди. Яшнобод туманидаги Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 20-ёнғин қутқарув қисмида бўлиб ўтган тадбирда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этиб, Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Ҳусанг Тангриевдан интервю олди.

Ҳусан Тангриев таҳририят мухбирининг ҳар йили Янги йил байрами арафасида пиротехника воситалари кўпайиб қолиши, улар республика ҳудудига қандай олиб кирилаётгани ҳақидаги саволига жавоб бераркан, бу оғриқли масала эканлигини билдирди.

Энг катта оғриқли савол ҳам аслида шу. Ёз ойларида Тошкент вилоятининг чегарадош ҳудудида яширин туннел аниқланганди. Хонадонидан туннел кавлаган шахс билан суҳбатлашганимизда ўзим учун қизиқ бир-иккита маълумотга дуч келдим. Яъни ҳар бир юк, ҳар бир сумка маълум бир ҳақ эвазига туннел орқали чегарадош ҳудудлардан ўтказиб берилган. Мана шу каби туннеллардан олиб ўтишга уринишлар бўлган, деган фикрдаман.

Шундай ҳолатлар аниқланганки, ҳатто пиротехника воситаларини қопларга солиб, уларни яхшилаб ўраган ҳолда трансчегаравий сойлар, дарёлар орқали оқизиб олиб ўтишга уринишган. Ёки чегарада сим тўсиқлар ёнига қўйиб кетади ва локация ташланади, иккинчи томондан келиб уни олиб кетишади. 

Чегарадош ҳудудларда олиб ўтишга муваффақ бўлган юртдошларимиз мана шу пиротехника воситаларини ўша чегарадош маҳаллалардаги турли хонадонларда маълум бир ҳақ эвазига сақлайди. Хонадон эгалари ҳам маълум бир ҳақ эвазига ўша пиротехника воситаларини сақлаб туриш учун ўзининг хонадонидан фойдаланишга рухсат берган ҳолатларни ҳам кўрамиз. Шунинг учун, масъулият бу ерда ҳар биримизга боғлиқ”, деган Ҳусан Тангриев.

Kun.uz журналистининг пиротехника воситалари чегарадан ноқонуний кириб келаётган экан, демак, бу қурол-яроғ ёки гиёҳванд моддалари ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволига Тангриев бу хавотир ўринли эканлигини билдирди. 

Афсуски, биргина 10 ой давомида бир нечта қуроллар ёки 2 минг донадан ортиқ жанговар ўқ-дорилар ушланди. Ёки биргина Божхона органлари томонидан шу йилнинг ўзида тўхтатиб қолинган гиёҳванд воситаларининг миқдори бир тоннадан ошди.