26 ноябр куни кечқурун Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув тузилгани эълон қилинганди. 13 бандни ўз ичига оладиган битимга кўра, Исроил 60 кун ичида ўз қўшинларини қўшни мамлакат жанубидан олиб чиқиши, «Ҳизбуллоҳ» кучлари Литани дарёсидан шимолга кетиши, жанубий чегарада уларнинг ўрнини Ливан хавфсизлик кучлари ва мунтазам армия эгаллаши лозим. Ливан жанубида яшовчи аҳоли сулҳ эълон қилинганидан кейин ўз уйларига қайтишни бошлади, уларнинг кўпчилиги уйлари ўрнида харобалар устидан чиқишган.

The New York Times нашрининг Planet Labs сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига асосланиб қилган ҳисоб-китобларига кўра, ноябр ойи бошигача Исроил мудофаа армияси Ливан ҳудудида мингдан ортиқ бинони йўқ қилган — асосан мамлакат жануби ва пойтахт Байрутнинг жанубий чеккасида. Мейс ал-Жабал ва Мҳабиб каби айрим қишлоқлар амалда ер юзидан супуриб ташланган. Исроил томони бу амалиётдан мақсад «Ҳизбуллоҳ»нинг ушбу қишлоқларда жойлаштирилган инфратузилмалари, қурол омборлари, плацдармлари ва туннелларини йўқ қилиш эканини маълум қилганди.

«Ҳизбуллоҳ» зарбалари оқибатида Исроил томонида ҳам вайронгарчиликлар юзага келган, аммо ҳозирча маҳаллий аҳолининг кўпчилиги сулҳ бузилиши ва ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланишидан чўчиб, уйларига қайтишга шошилмаяпти. Қуйида сўнгги ойлардаги ҳарбий ҳаракатлар чегаранинг икки томонида қандай излар қолдиргани акс этган суратлар.

Ливан

Ливан жанубидаги Набатия шаҳридаги офис биноларидан бирида портлаш оқибатида чанг билан қопланган фотокамера
Adnan Abidi / Reuters / Scanpix / LETA
Тирда исроилликлар зарбасига учраган уйлардан биридаги фотосурат
Adnan Abidi / Reuters / Scanpix / LETA
Ливан жанубига олиб борувчи шосседаги тирбандлик. Сулҳ эълон қилингач, Исроилнинг қуруқлик амалиёти бошланганида уйларини тарк этган минглаб ливанликлар ўз шаҳар ва қишлоқларига қайтишга ҳаракат қилмоқда