Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анна Цивилева Украинага қарши урушда қатнашган бедарак йўқолган россияликлар ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилди. Давлат думасида бўлиб ўтган давра суҳбатида у ўз вазирлигига Украинага ҳужумда иштирок этган камида 48 минг иштирокчининг қариндошлари боғланганини, уларнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини айтди, деб ёзди ASTRA Telegram-канали 3 декабр, сешанба куни. Шу билан бирга, Цивилева бедарак кетганларни «йўқолган одамлар» деб атади.

Анна Цивилева бедарак йўқолганларнинг қариндошларидан ДНК йиғилгани ва бу маълумотлар тегишли маълумотлар базасига киритилганини айтиб ўтди.

Мудофаа қўмитаси раҳбари махфий маълумотларни ошкор қилмасликни сўради

Шундан сўнг Давлат думаси мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов бу маълумотларнинг махфийлигини таъкидлаб, бедарак йўқолганлар сонини ошкор қилмасликни сўради. «Бу махфий, нозик маълумотлар, биз якуний ҳужжатларни тузганимизда, бу рақамлар ҳеч қаерда сузиб юрмаслиги керак», деди у.

Бунга жавобан Анна Цивилева бедарак йўқолганлар статистик маълумотларини ошкор қилмаганини, бироқ яқинларнинг Мудофаа вазирлигига қилган сўровлари сонини айтиб ўтганини айтди. «Улар кўпчиликни топади, шунинг учун бу рақам статистика эмас, балки фақат сўровлар», дея қўшимча қилди у.