Жўлан тепаликларидаги хавфсизлик таҳдиди кучайгани боис армия олий тайёргарлик ҳолатига келтирилди. Бу ҳудуд Сурия билан чегарадош бўлиб, бир пайтлар Исроил томонидан босиб олинган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Жўлан тепаликларида туриб, Асад режими қулаши исроиллик ҳарбийларнинг Сурия ҳукуматига иттифоқчи бўлган Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» бўйлаб йўллаган зарбалари туфайли рўй берганини айтди. «Биз Сурия билан чегарамизнинг нариги томонида турган барчага: Исроил билан тинчликда яшашни истовчи друзлар, курдлар, христианлар ва мусулмонларга тинчлик сигналини юборамиз», — деган у.
Бунинг ортидан Исроил армияси ўз танкларини Сурия билан чегарадаги буфер зонага «ва бир қатор бошқа жойларга Жўлан тепаликларидаги жамоалар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун» жойлаштирди.
The Jerusalem Post хабарига кўра, исёнчилар эгаллаб олмаслиги учун Исроил авиацияси Сурия жанубидаги кимёвий қуроллар ишлаб чиқариладиган заводларга зарбалар йўллаган, шунингдек, Дамашқ чеккасида, аэропорт яқинидаги ўқ-дорилар сақланувчи омборда исроилликлар зарбаси оқибатида портлаш ва ёнғинлар рўй берган.
2011 йилда Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг Исроил бевосита можарога аралашган ва 2015 йилдан бошлаб Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» билан боғлиқ деб топилган объектларга кенг кўламли ҳаво зарбалари бериб келаётганди.
Аввалроқ Исроил Сурия армиясига қарши курашаётган мухолифат гуруҳларини махфий равишда қўллаб-қувватлаб келган. Исроил расмий манбалари кейинроқ маълум қилишича, бу қўллаб-қувватлаш тиббий ёрдам, озиқ-овқат ва қурол етказиб бериш, шунингдек, ҳарбий тайёргарликка ёрдам кўрсатишни қамраб олган.
Бироқ, ҳозир «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги мухолифат кучлари Сурияда тезкор юриш бошлаб, мамлакатни эгаллаб олиши Исроилни ўз позициясини қайта баҳолашга мажбур қилди.
Исроил икки йўл қаршисида қолаётганди: улар мухолифатнинг муваффақиятини қўллаб-қувватлаши керакми? Бу ҳолат Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашда Исроил манфаатларига тўғри келади. Ёки Асад режими афзалроқмиди — у Эрон Суриядан фойдаланишига имкон берган, бироқ йиллар давомида Исроилга тўғридан тўғри таҳдид солмаган.
Исроил учун янги хатар

Исроил ҳарбий разведкасининг 8200-бўлими собиқ раҳбари Ҳанан Гефен BBCʼга берган баёнотида Суриядаги вазият сўнгги вақтларда Исроил учун «тобора таҳликали» бўлиб борганини таъкидлаган.




















