Россиянинг янги дейилаётган ракетаси ҳақида нималарни билиш муҳим: у чиндан ҳам қўрқинчли қуролми? Бу қурол ишга солингач ядровий урушга яқинлашдикми? «Медуза» Кремл таҳдидлари ва улар юзага келтирган хавфлар борасида таҳлил ўтказди.

Фото: Андрей Смирнов / AFP / Scanpix / LETA

Стратегик баллистик ракета тарихда илк бор ҳақиқий нишонга қарши қўлланганидан буён икки ҳафта ўтди. Шундан бери Россия ва Украина ўртасида ракеталар билан зарба алмашиш ва «вербал интервенциялар» тўхтади. «Сўнгги сўз» Украина қуролли кучлари томонида қолди: 25 ноябрда улар ATACMS ракеталари билан Курск аэропорти атрофини нишонга олди. Россия мудофаа вазирлиги «жавоб чоралари тайёрланмоқда», деб хабар берди.

Бироқ, Владимир Путин томонидан ваъда қилинган қўшимча ўрта масофали баллистик ракеталардан фойдаланиш ўрнига, 28 ноябр куни Украинадаги нишонларга қарши «оддий» дронлар ва «анъанавий» ракеталар билан қўшма зарба берилди. Шу вақтдан бери қарши томонлар эскалацияни кучайтириши мумкин бўлган ҳужумлардан тийилишмоқда.

Бу Украина ёки Ғарб янги Россия қуролидан қўрқиб қолганини англатадими? Нега Россия Украинага қарши стратегик ракеталарни яна қўлламаяпти? Бу қурол аслида нима? Ядровий каллакларсиз ҳам бу ракеталар «оддий» ракеталардан анча хавфлими?

Россия Украинага қарши айнан қайси ракетани ишлатди?

Бу борада ишончли маълумот йўқ. Владимир Путин янги қуролни «Орешник» деб атади ва унга ажойиб хусусиятларини санади:

  • Бу ўрта масофага мўлжалланган стратегик ракета бўлиб, у ядровий зарядга эга эмас.
  • Ракета каллаги зарар етказувчи портловчи моддаларга эга эмас, мўлжални (жумладан, ер остида жойлашган бункерларни) «метеоритдек», кинетик энергия ёрдамида йўқ қилади.
  • Ракета ва унинг каллакларнини уриб тушириб бўлмайди, чунки улар 10 МАХ тезликда нишонга урилади.

Юқоридаги хусусиятлардан биргинаси аниқ: Днипродаги «Пивденмаш» заводига зарба беришда ўрта масофага (беш минг километр) учишга мўлжалланган баллистик ракета қўлланган. Формал жиҳатдан 2019 йилга қадар Россияда бундай қурол бўлмаган, чунки уни яратиш 1987 йилда АҚШ ва СССР ўртасида имзоланган ўрта ва кичик масофали ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги (INF) шартнома билан тақиқланган. 2018 йилгача Россия бу келишувга риоя қилаётгандек кўринарди. Бироқ АҚШ Россиянинг «Рубеж» (РС-26) номли перспектив қурол тизими шартнома шартларига мос эмаслигини таъкидлади. Россия расман уни «қитъалараро ракета» деб атаган, аммо АҚШнинг фикрича, бу ракета беш минг километрдан кам масофага зарба бериш қобилиятига эга бўлган «Ярс» ракетасининг қисқартирилган варианти эди.