“Таҳрир аш-Шом” Исроилни душман давлат сифатида кўрмаслиги, Сурия назоратида бўлиб келган Жўлан тепаликларидаги буфер зонани сўнгги кунларда Исроил босиб олганига гуруҳ томонидан эътироз бўлмагани – Асад режими ағдарилишидан энг асосий манфаатдорлардан бири Исроил эканидан дарак беради. Бу ҳақда сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Фазлиддин Мадиев “Геосиёсат” дастурида сўз юритди.
Суҳбат аввалида Фарҳод Каримов Суриядаги жорий ҳолат бир неча йил давомида содир бўлаётган воқеаларнинг мантиқий давоми эканини қайд этди.
“Бу воқеаларни, шунингдек, Исроил ва Эрон ўртасидаги муносабатнинг бир кўриниши сифатида изоҳлаш ҳам мумкин. Бу вазиятда араблар, Туркия, Исроил (қисман Ғарб коалицияси) ва Қатарнинг манфаатлари уйғунлашди. Сурия ва Эронни кучсизлантириш учун бирданига катта уруш олиб бориш минтақани қийин вазиятда қолдирган бўларди, шунинг учун бу иш уларни қисмларга ажратиш орқали бажарилди. Биринчи навбатда Ҳамас, кейин “Ҳизбуллоҳ” кучсизлантирилди, шу вақт ичида Ислом қўриқчилар корпусининг бир нечта генераллари йўқ қилинди”, – дейди у.
Каримовга кўра, ҳозирда Эронга янги ваъдалар бериляпти: Эрон у ерда ўз кучларини йиғиштириб оладиган бўлса ва минтақадаги вазиятга аралашмайдиган бўлса, иқтисодиётини жаҳон савдосига интеграция қилиш ва санкцияларни енгиллаштириш каби ваъдалар берилмоқда.
“Шаҳарларнинг тез таслим бўлганига асосий сабаб – Башар Асад Араб баҳоридан кейин ўз ваъдаларини бажармагани, иқтисодий инқироз, халқнинг турмуш даражаси тушиб кетгани, жиноятчилик ва сиёсий тазйиқ кучайгани билан боғлиқ. Буларнинг ҳаммаси Башар Асаднинг бошқарув қобилиятини йўқотганидан дарак берарди. Бу ҳудудда Россия базаси бор эди ва бу мухолифатни тийиб турган, лекин Россияга Шарқий Европа, Грузия ёки Украина масаласида манфаатлар алмашинуви таклиф қилинганга ўхшайди, чунки Россия Сурияда жуда катта нарса йўқотди”, – дейди Фарҳод Каримов.
Ушбу воқеалар фонида ИШИД террорчилик гуруҳи қаерда? Каримовнинг сўзларига кўра, ИШИД ёки “Ал-Қоида” каби кучлар Асад ҳокимиятини ағдаришга қаратилган охирги икки ҳафтадаги жангларда иштирок этмади. Чунки уларнинг Исроилга бўлган муносабати ўзгармайди, дея изоҳлайди таҳлилчи.
“Таҳрир аш-Шом” эса Исроилни душман сифатида кўрмаслигини, шунингдек, келажакда у билан ҳамкорликда иш кўриши мумкинлигини маълум қилди. Ҳатто “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳаракатлари учун Исроилга миннатдорчилик ҳам билдирди. Уларнинг олдидаги энг катта вазифа Сурияни сақлаб қолиш эди, бунда Ҳамас ва фаластинликлар тақдири иккинчи даражали бўлиб қолди ва Ғазони Исроилга топшириш орқали улар Исроил қаршилигисиз Асад ҳокимиятини ағдарди. Жўлоний айнан Суриянинг Жўлан тепалигида туғилиб ўсгани учун ҳам бу номни ўзига тахаллус сифатида олган, шундай бўлса ҳам бу тепаликни шунчаки Исроилга тақдим этди”, – деб ҳисоблайди Фарҳод Каримов.

















