РФ мудофаа вазирлиги 11 декабрга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Американинг ATACMS ракеталари билан Таганрогдаги ҳарбий аэродромга зарба йўллаганини маълум қилди.
Вазирлик матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, украиналик ҳарбийлар олтита ракета қўллаган, шундан иккитаси «Панцир» зенит-ракета комплекслари орқали уриб туширилган, қолган тўрттаси эса «радиоэлектрон кураш воситалари билан мўлжалдан оғдирилган».
Россия ҳарбий идорасига кўра, ракета зарбаси оқибатида «аэродромнинг техник ҳудудидаги иккита бино ва учта ҳарбий машина, шунингдек, аэродромга туташ автотураргоҳдаги фуқаролик автомобиллари енгил шикастланган».
Шу билан бирга, РФ мудофаа вазирлиги баёнотида «ракета парчалари тушиши оқибатида шахсий таркиб орасида жароҳатланганлар борлиги» айтилган. Қурбонлар ҳақида расмий маълумот келтирилмаган.
Astra Таганрог шифохонасидаги манбасига асосланиб, ракета зарбаси оқибатида 26 нафар ҳарбий хизматчи яралангани, бир киши ҳалок бўлганини ёзган. Нашр версиясига кўра, 11 декабрга ўтар кечаси авиагуруҳлардан бири жойлашган авиатаъмирлаш заводига Украина қуролли кучлари томонидан йўлланган зарба оқибатида яна 15 нафар ҳарбий хизматчи яраланган. Ҳозирча бу маълумот бошқа манбалар орқали тасдиқланмаган.
Маҳаллий расмийлар чоршанба куни берган маълумотда ҳужум оқибатида 27 та кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти узилгани айтилганди.

РФ мудофаа вазирлиги Таганрогга ҳужум «жавобсиз қолдирилмаслиги, тегишли чоралар кўрилиши»дан огоҳлантирган.
Associated Press ва Reuters агентликлари америкалик мулозимларга таянган ҳолда АҚШ разведкаси Россия «яқин кунларда» Украинага зарба бериш учун «Орешник» ўрта масофали баллистик ракетасидан яна фойдаланиши мумкинлигини кутаётгани ҳақида хабар тарқатди.
Шу билан бирга, Reuters суҳбатдоши Россиянинг янги ракета комплекси қўлланиши фронтдаги вазиятни жиддий ўзгартира олмаслигини айтган.
«Биз „Орешник“ жанг майдонидаги кучлар нисбатини чинакамига ўзгартира оладиган омил эмас, деб ҳисоблаймиз. Бу кўпроқ Россиянинг Украинани қўрқитишга бўлган навбатдаги уриниши ва бу уриниш муваффақиятсиз бўлади», — дея Вашингтондаги манбасидан иқтибос келтирган агентлик.
















