Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Суриянинг Жўлан тепаликларидаги оташкесимга оид 1974 йилги келишув ўз кучини йўқотганини эълон қилиб, ҳудудни Исроилнинг ажралмас қисми деб атади. Хўш, бу тепаликнинг ҳуқуқий статуси ва геосиёсий аҳамияти қандай? “Таҳрир аш-Шом” нега Исроилнинг бу ҳаракатларига эътироз билдирмади? “Геосиёсат”да шу каби саволларга профессор Фарҳод Каримов жавоб берди.
— Жўлан тепаликларининг халқаро ҳуқуқ асосидаги мақоми қандай?
— Жўлан тепаликлари тарихан баҳсли ҳудуд бўлиб келган, минтақада ким ҳукмронлик қилишидан қатъи назар айнан шу ерларни ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Жўлан тепаликлари Иордания, Исроил, Ливан ва Сурия давлатлари ўртасидаги доимий қизиқиш марказида бўлиб келган. Шунингдек, бу ҳудуд географик ва ҳарбий жиҳатдан ҳам жуда қулай ҳисобланади: тепаликлар минтақадаги энг катта тоғ тизмаларига эга, тарихда юз берган урушларда барча энг аввал шу тепаликларни эгаллашга уринган, сабаби тепаликдан ҳудудга чегарадош давлатларни бемалол кузатиш мумкин. Хусусан, Иордания ва Сурия ҳудудлари тепаликдан кафтдек кўринади. Шунингдек, бу тепаликлар орқали Исроилга тўғридан тўғри кириб бориш мумкин.
1967 йилда 6 кун давом этган Араб-Исроил урушида Исроилнинг қўли баланд келади, шу урушда Исроил Жўлан тепаликларининг Сурия билан чегарадош ҳудудларининг учдан икки қисмини эгаллаб, Сурия ичкарисига 20 км, баъзи жойларда 50 кмгача кириб боради ва бу ерларни аннексия қилади. 1981 йилда Исроил мазкур эгалланган жойларни мамлакатнинг сиёсий харитасига киритади, бироқ БМТ ўша йилнинг ўзида резолюция қабул қилиб (БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йил 17 декабрдаги 497-резолюцияси), бу ерларни Сурия ҳудуди сифатида қолдиради. Лекин амалда ҳудуддан ҳамон Исроил фойдаланади, ҳатто у ерда 30 дан ортиқ аҳоли пунктларини ташкил қилиб, туристик зоналар ҳам барпо қилган.
БМТ Исроилни Жўлан тепаликларини бўшатишга чақирди. Буни Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади
1974 йилга қадар Исроил ва Сурия ўртасида катта можаролар давом этган, ўша йилга келиб улар ўртасида БМТ шафелигида отишмани тўхтатиш ва эгалланган ҳудудларни мавжуд ҳолатида қолдириш борасида сулҳ тузилади. Сулҳга кўра, икки давлат ўртасида нейтрал зона ҳам мавжуд эди, бироқ бугунги кунга келиб, Исроил айнан шу нейтрал ҳудудларни ҳам ўзига қўшиб олди. (Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия расмий ҳукумати қулагани сабаб сулҳ ўз кучини йўқотганини иддао қилди — таҳр.)

















