Ўзбекистон | 11:07
1455
3 дақиқада ўқилади

Бир қатор нодавлат таълим муассасаларида қонунбузарликлар аниқланди

Рақобат қўмитаси истеъмолчилардан келган мурожаатлар асосида бир қатор нодавлат таълим муассасалари фаолиятини текширди. Ўрганишларга кўра, “Newton Academy”, “Merit school”, “My Teacher” платформаси, “My Med Academy” каби ташкилотларда жиддий муаммолар аниқланган ва ўқувчилар фойдасига жами 1,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Айрим нодавлат таълим муассасалари истеъмолчиларидан шикоятлар кўпайган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида нодавлат таълим хизматлари бўйича 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти Тошкент шаҳридаги субъектлар ҳиссасига тўғри келади.

Бунда энг кўп мурожаатлар “Newton Academy”, “Merit school”, “My Teacher” платформаси, “My Med Academy” ва бошқа ташкилотлар фаолиятига тегишли.

Шикоятларда таълим сифатининг қониқарсизлиги, ўқитувчилар малакасизлиги, ўқув хоналарининг шарт-шароитлари талабга жавоб бермаслиги, ўқув графигига риоя қилинмаслиги, хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилмагани, таълим беришда интизом йўқлиги ҳамда юзага келган бошқа муаммолар баён этилган.

Баъзи таълим муассасалари томонидан истеъмолчиларни турли йўллар билан жалб қилиш ниятида рекламаларда “Жойлар сони чекланган”, “3 ойда тил ўрганинг”, “Кафолатланган таълим” каби бўрттирилган иборалардан фойдаланилган.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги белгиланган.

Шунингдек, истеъмолчи сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эга ҳисобланади.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ноаниқ, фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказиши мумкин бўлган рекламага йўл қўйилмайди.

Қўмита томонидан мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 1,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Шунингдек, лицензия талаблари ва солиқ қонунчилигини бузган, санитария қоидаларига мос ўқув шароитларини яратмаган ҳолатлар бўйича 50 га яқин ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ваколатли органларга юборилган.

 Жумладан, “Newton Academy” ўқув маркази фаолияти юзасидан кўплаб шикоятлар тушаётгани ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун Бош прокуратура ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юборилган.

 Натижада, вазирлик томонидан ўқув маркази фаолияти текширилганда, лицензиясиз нодавлат мактабдан ташқари таълим хизматлари фаолияти билан шуғуллангани ва ўқитувчиларнинг белгиланган сертификати мавжуд эмаслиги аниқланиб, молиявий жарима қўлланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, лицензия талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориши юзасидан огоҳлантиради.

 

Мавзуга оид