Замонавий суғориш тизимлари мамлакатимиз боғдорчилик соҳасига кириб келганига бир неча ўн йил ўтгани, қолаверса, томчилаб суғориш тизимининг ариқдан суғоришга нисбатан яққол афзалликларига қарамай, бу жараён боғдорчиликда кутилганидан суст кечмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистонда сув ресурслари тобора камайиб бораётгани боис мамлакат қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Таниқли эксперт, боғдорчилик соҳасидаги халқаро мутахассис Шуҳрат Аброровнинг сўзларига кўра, шу кунга қадар томчилатиб суғориш технологияси суст татбиқ қилиниши ва бундан кейин ҳам сезиларли даражада тезлашмаслигига бир қатор сабаблар бор.

«Бугунги кунда Ўзбекистондаги мевали боғларнинг умумий майдони 360 минг гектарни ташкил қилади (узумзорлар бундан мустасно), шундан 60 минг гектар боғларда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган, қолган 300 минг гектар боғлар ариқдан суғорилади.
Томчилатиб суғориш технологиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва унинг мамлакатимиз боғларида жорий қилиниши тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур тизимнинг афзалликларини интенсив боғларда татбиқ қилинган замонавий лойиҳалар мисолида 2008 йиллардан бошлаб кўра бошладик. 2008-2010 йилларда Самарқанд вилоятида томчилатиб суғориш тизимли интенсив олма боғлари барпо этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширила бошланди, кейинчалик уларнинг майдони янада кенгайди», — дейди эксперт.

Шуҳрат Аброров томчилатиб суғориш технологиясининг мамлакатимиз боғдорчилик соҳасида шу кунга қадар суст татбиқ қилиниши ва бундан кейин ҳам сезиларли даражада тезлашмаслигига сабаб сифатида бир неча омилларни санаб ўтди:
Биринчидан, фермерларда консервативлик, янгилик ва ўзгаришларга тайёр эмаслик, қарши кайфият ҳисси бор. Бундай вазият билимсизлигимиздан келиб чиқади. Янги технологияларнинг фойдаю афзалликлари, қиймати ва қўлланиши сабабларини тушунганимиз сайин қаршилик ҳисси чекина бошлайди ва уни фаолиятга татбиқ қила бошлаймиз. Томчилатиб суғориш тизими жорий қилинишида ҳам худди шу ҳолат кузатилди, ушбу тизимнинг афзал томонларини тушуниб етиш ва уни боғдорчиликда кенг қўллагунча анча вақт кетди.












