Жаҳон | 08:36 / 23.12.2024
4570
2 дақиқада ўқилади

Белградда Нови-Саддаги фожиа туфайли оммавий намойишлар ўтказилди

Белградда 1 ноябр куни Нови-Сад вокзалининг томи қулаши оқибатида ҳалок бўлган 15 кишининг ўлими учун жавобгарликни талаб қилиш мақсадида 30 мингга яқин одам йиғилди.

Фото: Branko Filipovic/REUTERS

Сербия пойтахти Белградда 22 декабр, якшанба куни яна ўн минглаб одамлар Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида 15 кишининг ўлимига сабаб бўлган томнинг қулаши учун жавобгарлар жазосиз қолаётганидан норозилик билдириш учун намойишга чиқди

Талабалар томонидан фожиа қурбонлари хотирасига бағишланган акция Славия майдони, гавжум айланма чорраҳа ҳудудида бўлиб ўтди. 15 дақиқалик сукутдан сўнг йиғилганлар ҳуштак чала бошлади.

Полиция ҳисоб-китобларига кўра, тадбирда 29 минг киши, жумладан, фермерлар, таниқли актёрлар ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан келган аҳоли иштирок этган.

Сербияда темирйўл вокзалида том қулаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди

Сербияда Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида бетон том ёпгичнинг қулаши натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 15 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши яраланди, деб хабар берди Сербия Ички ишлар вазирлиги.

Аввалроқ Сербия ички ишлар вазири Ивица Дачич вайроналар остидан саккиз кишининг жасади топилганини маълум қилганди. 

Ҳодиса сабабларига ойдинлик киритилмоқда. Станция ёпиқ. Сербия бош вазири Милош Вучич бу воқеа «Нови-Саднинг урушдан кейинги тарихидаги энг оғир кунлардан бири» эканини айтди. У қулаш сабаблари ўрганилиб, айбдорлар жазоланишига ваъда берганди. Терговга Сербия Бош прокуратураси раҳбарлик қилмоқда.

Мавзуга оид