Kun.uz ихтиёрига Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларига доир қўшимча маълумотлар келиб тушди.
Аввал хабар берилганидек, амирлик ҳудудида исроиллик раввинни ўлдиришда гумонланиб 3 ўзбекистонлик қўлга олиниши фонида, 25 ноябр куни Дубайда бир жойда яшаб, турли ишларда ишлаган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ҳам ҳибсга олинган. Маълум бўлишича, уларнинг сони 9 нафар эмас, анча кўпроқ.
Ҳозиргача қўлга олинганлардан 7 нафари қўйиб юборилгани маълум. Улардан 4 нафарида БАА ишчи визаси бўлган, улар 25 ноябрдан 7 декабргача ушлаб турилган. “Уларга яхши муомала қилишган, жисмоний куч ишлатилмаган. Қўйиб юборилгач, Ўзбекистон консуллигига чақириб, суҳбат қилинган. Ҳозирда ишлаб юрибди”, – деди Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу фуқаролардан бирининг акаси.
Қўлга олинганларнинг яна 3 нафари эса сўроқ қилиш жараёнларидан кейин Ўзбекистонга мажбурий қайтариб юборилган. Қайтариб юборилган фуқаролардан бири Дубайда қўлга олиниши ва 15 кундан ортиқ ушлаб турилиши доир тафсилотларни Kun.uz'га сўзлаб берди.
“Ўша яҳудий роҳибнинг ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, биз ижарада турган вилла устидан 3 кун давомида дронлар айланиб, бизни кузатди. Биз тушуниб турдик, нимадир бўлиши мумкинлигини. Лекин ҳеч қаерга кетмадик, ишлаб юравердик.
Кейин кечаси вертолётда қора кийимда “омончилар” келди, лазерли қуроллари билан ваҳимали тарзда бизни босиб олиб кетди. Кўзимизни боғлашди, қаерга борганимизни ҳам билмаймиз, давлат ташкилотими ёки бошқа жойми…
У ерда 50 тача ўзбек ва тожиклар бор эди. Бирга яшайдиганлардан бошқасини танимадим. Дастлабки 3 кун давомида фақат тергов ва сўроқ қилишди. Ўша қотиллик ҳақида гап бўлмади. Қаерда яшагансан, нималар қиласан, қизиқишинг нима – шу каби саволлар беришди. Телефонларимизни тинмай титишди. Жисмоний куч ёки руҳий босим қилишмади. Ким тергов қилганини ҳам билмаймиз. Қайси тилни биласан, деди, русча ва туркча десам, биттаси русчада қийналиброқ, акцент билан савол-жавоб қилди.
3 кундан кейин ҳамма алоҳида, қоронғи капсулада, фақат еб-ичиб изоляцияда бўлдик. Ҳеч нарса гапиришмади ҳам, сўрашмади ҳам. Бир-биримиз билан ҳам гаплашолмадик. Дастлаб ишчи визаси бўлган 4 кишини қўйиб юборди, улар Дубайда қолиб ишлаётганини кейин билдим. Биз 3 кишини эса кўзимизни бойлаб, кишанларда самолётгача олиб келиб, уйга қайтарди. Телефон ва паспортимизни берди. Қолган нарсаларимиз: пуллар, кийимларимиз, менинг "правам" ҳам қолиб кетди. Депорт урдими ёки йўқми, билмайман. Агар биз алоқамиз йўқ иш учун шунчалик ҳолатга тушган бўлсак ёки депорт билан боролмасак, жудаям адолатсизлик бўлади”









