2024 йил якунланмоқда. Ортда қолаётган йил дунё сиёсатида воқеаларга бой бўлди. Видеода йил давомида дунёда содир бўлган баъзи муҳим воқеаларни ёдга оламиз.

Икки уруш ҳам тугагани йўқ

Видео аввалида эслатиб ўтишимиз керак. Инсоният силласини қуритган, фақат менинг айтганим бўлади дейдиган икки зўравон давлат қўшнисига қарши урушларни давом эттирмоқда.

Америкага орқа қиладиган Исроил ўзига қарши уруш очганлар билан уришиш ўрнига Фаластинда тинч аҳоли вакилларини ўлдиришда давом этмоқда. 2023 йил 7 октябрда бошланган уруш бутун минтақага ёйилди ва ер юзидаги одамлар энг зич яшайдиган Ғазо бўлгасида норасида болалар, ҳимоясиз аёллар ва ночор қариялар ўлишда давом этмоқда. Ваҳоланки, уларнинг Исроилга қилинган ҳужумга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Исроил ҲАМАСнинг барча лидерларини ўлдирди, ҳозирги раҳбарият эса катта эҳтимол Қатардаги люкс меҳмонхоналарда дипломатлик билан шуғулланмоқда. Қизиғи, Исроил шунча ҳужумларига қарамай, ҲАМАСнинг тармоқдаги каналлари видеолар эълон қилишда, Ғазода Исроилга қарши диверсион ҳужумлар уюштиришда давом этмоқда.

Охирги бир неча ойда Орешник деган овунчоқ топиб олган Путин эса энг яқин қўшниси, ўзи бир неча марта руслардан ҳеч қандай фарқ қилмаслигини айтган украинларга босқинни давом эттирмоқда. Россия Украина шаҳарлари, қишлоқларини ер билан битта қилишда давом этиб, буни Донбассни озод қилиш операцияси деб аташда давом этмоқда. «Озод қилинган» вайроналарда ҳеч ким «русский мир» келганини байрам қилмаётгани, украинлар ўз ватанини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилаётгани ҳам Путинни «украинларни озод қилиш» фикридан қайтара олмаяпти.

Навалний ўлди

16 феврал куни дунёдаги диктаторлардан холи, соғлом жамият тарафдорлари учун машъум хабар тарқалди. Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний ҳалок бўлди. Уч йилдан буён Сибирдаги қамоқхонада сақланаётган Владимир Путиннинг энг асосий танқидчисининг ўлими Россиядаги амалдаги ҳукуматга мухолиф кайфиятдаги инсонларни шок ҳолатига туширди. Чунки Навалний уларга қамоқхонада туриб, ташқи дунёдан узилган ночор ҳолатида ҳам умид бераётганди.

Кейинчалик маълум бўлдики, Алексей Навалний жамоаси уни асирлар алмашинуви доирасида озод қилиш бўйича Европа давлатлари воситачилигида келишувга эришган экан. Путин Такер Карлсон билан интервюда Германиядаги қамоқхонада сақланаётган ФСБ киллери Вадим Красиковни асирлар алмашинувига жалб қилинса, келишувга рози эканини очиқ айтганди. Кейинчалик маълум бўлдики, ўша келишувдаги асосий одам Алексей Навалний бўлган. Аммо бу кунларга етиб боролмаган Алексей совуқ Сибирда ҳалок бўлди. Унинг жасадини узоқ вақт онасига беришни исташмади. Лекин Сибирдаги қамоқхона ва моргдан узоққа кетмаган Людмила Навалная баҳорнинг илк кунида ўғлини она шаҳри Москвага дафн этишга муваффақ бўлди.