23 декабр куни узоқ кутишлардан сўнг навбати етай деганда газ тўлдириш станцияси ёпиб қўйилганидан норози бўлиб, йиртилиб кетган пойабзалини кўрсатган ҳолда масъулларга ўз норозилигини намойиш этган фуқаронинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.
31 декабр куни у Тошкентда қамоққа олингани маълум бўлди. Суд ҳужжатига кўра, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 26 декабрдаги қарори билан фуқаро Ғайрат Дўстов «майда безорилик» содир қилган, деб топилиб 15 суткага қамалган.
Бу хабар кенг жамоатчилик ва фаолларда норозилик уйғотмоқда. Бу муаммони эмас, балки уни гапириб чиққан инсонни «йўқотиш» ҳамда адолатсизлик, дея баҳоланмоқда.
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров 2025 йил бошида «инсон қадри учун, инсон бахти учун биргаликда ҳаракат қиламиз», деган шиорга ишониши ҳамда фуқаро кафолат остида олиб чиқилиши тўғри бўлишини ёзган.
«Ғайрат Дўстовга кафолат бериб олиб чиқилиши тўғри бўлади. Туман, шаҳар кенгаши депутатлари бор. Маҳалла бор. Уйида қарамоғида бола-чақаси кўз тикиб ўтиргандир.
Давлатнинг Куч пропорцияси бор, Меҳр пропорцияси ҳам. Ўз кучига ишонган давлат меҳриниям аямайди».
Бундан ташқари, Отабек Бакиров совуқ кунлар кириб келиши ва яна навбатлар фонида исталган бошқа ўзбекистонлик ушбу фуқаронинг ўрнида бўлиши мумкинлигини ёзган. У энергетика соҳаси учун масъулларни газ берилмаётган ўринда, етарлича ва жонли ахборот беришга чақирган.
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев эса оғзи шалоқ амалдорлар битта узр билан қутулаётган вақтда, ботинкаси тешик оддий бир халқ вакили қамаб қўйилишини адолатдан эмас, дея баҳолаган.
«Агар халқ адолатни ҳис қилса, жуда кўп муаммоларга сабр билан чидай олади. Тўғри, муаммолардан норози бўлиб, эътирозини баралла айтадиганлари ҳам кўп бўлиши табиий, чунки халқ бу яхлит тана эмас, 37 миллион хил инсондан таркиб топган. Аммо гапириб-гапириб, барибир муаммоларга сабр қилишда, тишини-тишига қўйиб, турмуш ташвишлари билан ўралашишда давом этаверади. Ахлоқсизликка ўтмайди. Дардини айтиб, сал енгиллашиши мумкин, чунки бу жиноят эмас.
















