Бугун кино ва ижтимоий ҳаёт ҳақида гаплашамиз. Ўзбекнинг Мурод Муҳаммад Дўст деган ёзувчиси бор. Миллатнинг фахри дейишга муносиб ёзувчи. Бу ижодкорнинг киночилиги ёзувчилигидан кам эмас. Режиссёр Жаҳонгир Қосимов мана шу севимли ёзувчимиз киносценарий асосида “Дев ва пакана” деган жуда ажойиб филмни суратга олган. Картинадаги бош қаҳрамон – жуссаси катта йигит аслида жамиятдаги қалби катта инсонларнинг рамзий образи. Видео мана шундай чинакам катта инсон ҳақида.
Ғайрат Дўстов иши
Ғайрат Дўстов исмли ватандошимизга ортиқча таъриф бериш шарт эмас, менимча. У биргина чиқиши билан унча-мунча юлдузлар йиллар давомида эришолмаган машҳурликка эга бўлди. Ҳозир бутун Ўзбекистон шу инсон ҳақида гапирмоқда ва энг муҳими – ҳамма бу жуда оддий инсон ҳақида яхши гапирмоқда. Дўстовни мақтайверманглар деган бир-иккитаси ҳам чиқди, лекин улар ҳисобга қўшишга арзимайдиган даражада оз.
Бироз муболағага жазм қилиб айтадиган бўлсак, биргина чиқиш билан бунчалик кўп одамлар қўлловига эришишга Мартин Лютер Кинг ҳам ҳавас қилган бўларди. Ғайрат Дўстовнинг ўша заправкадаги портлашини русча бир сериалдаги тарих ўқитувчисининг худди шундай портлашига ўхшатиш мумкин. Майли, қайси филмлигини айтмай қўяқолайлик, кўпчилигингиз у қаҳрамонни ёқтирмайсиз.
Ғайрат Дўстовни у ўша машҳур видеосини ёзган заправка эгасининг аризасига биноан 15 суткага қамашгани, кейин жамоатчилик норозилиги фонида жазо 8 кунгача қисқартирилиб, суд залидан озод қилинганини кўрдингиз. Одамнинг дилини хира қиладиган бу ҳодисада биргина ижобий жиҳат бор – одамларнинг реакцияси. Демак ҳали жамиятимиз уйғоқ эканки, кўпчилик Дўстов қамалишини қабул қила олмади.
Суд куни
Апелляция суди ўтказилган куни ўнлаб адвокатлар Ғайрат Дўстовга бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатишга борганини кўрдингиз. Юқори малакали бу ҳуқуқшунослар ўша куни бошқа бирор айбланувчини ҳимоя қилиб яхшигина пул ишлаб олиши мумкин бўлгандир, лекин улар виждонларининг амри билан аламдан юрагини бўшатиб олгани учун янги йилни панжара ортида кутиб олган ватандошга ёрдам бергани боришди. Ҳа, азизлар, атрофда ҳамма пул ҳақида ўйлаётгандек туюладиган бугунги кунда ҳамон виждон амрини моддий манфаатдан устун қўядиган мард инсонлар кўп экан.
Ўша куни судга борганларни шунчаки метан дарди бирлаштиради деб ўйлаганлар адашади. Судга борган адвокатлар, блогер-журналистлар, ҳуқуқ фаолларининг кўпчилиги ўзига тинч одамлар, бошқача айтганда бензинда юрадиган одамлар. Ўша куни уларни дахлдорлик ҳисси суд залига етаклаб борган.















