Майами халқаро аэропортида Amazon компаниясининг Boeing 767 русумли юк самолёти билан боғлиқ йирик авиация ҳодисаси юз берди. Авария оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган.

Майами-Дейд округи ёнғин-қутқарув хизмати раҳбари Рэй Жадалланинг маълум қилишича, яна беш киши турли даражада жароҳат олган. Улардан уч нафари оғир аҳволда шифохонага етказилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт Пуэрто-Рикодан Майамига учиб келаётган бўлган. У аэропортга қўниш вақтида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва бир нечта тўхтаб турган автомобилларга бориб урилган. Шундан сўнг самолётда ёнғин бошланган.

Тўқнашув оқибатида айрим жабрланганлар автомобиллар ичида қисилиб қолган.

Қутқарув ишларига 60 дан ортиқ ёнғин ўчириш машинаси жалб қилинди

Ҳодиса жойида кенг кўламли қутқарув операцияси ўтказилган. Унда 60 дан ортиқ ёнғин ўчириш ва қутқарув техникаси иштирок этган.

Қутқарувчилар самолёт ичида қолиб кетган биринчи ва иккинчи учувчини ҳам олиб чиқиш бўйича иш олиб борган. Бироқ маҳаллий ёнғин хизмати раҳбари учувчиларнинг авариядан кейинги аҳволи ҳақида маълумот бермаган.

Ҳодиса сабаблари ҳозирча аниқ эмас.

Авария юзасидан АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) ва Транспорт хавфсизлиги миллий кенгаши (NTSB) текширув бошлаган.

Flightradar24 маълумотларига кўра, самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган вақтда унинг тезлиги соатига тахминан 207 километр бўлган.

Аэропортда барча учиш-қўниш йўлаклари вақтинча ёпилди

Авариядан кейин Майами халқаро аэропортидаги барча учиш-қўниш йўлаклари вақтинча ёпилган.

Бир неча соатдан кейин аэропорт йўловчиларга парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар ва рейсларнинг бошқа вақтга кўчирилиши ҳақидаги маълумотларни тўғридан тўғри авиакомпаниялардан аниқлашни тавсия қилган.

Amazon ҳам ҳодиса юзасидан баёнот бериб, самолёт қўниш вақтида «инцидент»га учраганини маълум қилган, бироқ унинг тафсилотларини очиқламаган.

Компания матбуот котиби Келли Нантелнинг билдиришича, Amazon воқеа қандай содир бўлганини аниқлаш учун маҳаллий ҳокимият ва тегишли идоралар билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.