РФ мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, шаҳар устидан «тўлиқ назорат ўрнатилган». Россия ҳарбий идораси Кураховони Украина қуролли кучларининг жами 15 минг ҳарбий хизматчисидан иборат 26 та баталёни мудофаа қилганини қўшимча қилган.
Украина қуролли кучлари қўмондонлиги эса Курахово бой берилганини тасдиқламаяпти. Украина ҚК бош штаби душанба куни эрталаб берган ҳисоботида ўтган бир кун давомида бу йўналишда рақибнинг 27 та ҳужуми қайтарилгани айтилган.
BBC Украина хизматининг «Ҳортица» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳидаги суҳбатдошлари ҳам бир неча кун олдин Россия томонининг Курахово тўлиқ эгаллангани тўғрисидаги баёнотлари — ёлғон эканини маълум қилганди. Манбалар украин мудофаа кучлари ҳали ҳам шаҳарнинг ғарбий қисмидаги позицияларни ушлаб турганини айтишганди.
6 январ куни охирида эса Украина қуролли кучлари шаҳар тўлиқ рақиб қўлига ўтганини расман рад этиб, шаҳар ичкарисида ҳали ҳарбий ҳаракатлар давом этаётганини даъво қилди.
«Курахово йўналишида рақиб шаҳардаги турар жойлар ҳудудида, Петропавловка ва Дачное йўналишларида ҳужум амалиётлари ўтказмоқда. Рақибнинг бизнинг жанговар сафларимизгна суқулиб киришга уринаётган штурмчи гуруҳларини аниқлаш ва йўқ қилиш тадбирлари давом этмоқда», — дейилган «Ҳортица» баёнотида.
Кенг кўламли урушга қадар Курахово шаҳрида 18 минг атрофида одам яшаган, у Донбасс жанубидаги муҳим саноат маркази ҳисобланган.
«Запорижжя — Донецк» трассасида жойлашгани туфайли ушбу аҳоли яшаш пункти украин қўшини Марйинка, Вуҳледар ва Красноҳоривка учун жанглар олиб борганида улар учун муҳим логистик ҳаб вазифасини ўтаган.
Аммо 2024 йил мобайнида Россия армияси оғир жанглар натижасида украинларнинг ушбу шаҳарлар атрофидаги мудофаасини ёриб ўтди ва уларни оккупация қилди. Бу Россия қўшинига Кураховога бир вақтнинг ўзида жануб, шарқ ва шимол томондан яқинлашиб келишга имкон берди.
Украина қуролли кучлари маълум вақт амалда ярим қуршов ҳолатида позицияларни ушлаб туришига тўғри келди.
Сўнгги кунларда энг шиддатли жанглар шаҳарнинг ғарбий чеккасидаги Курахово ИЭС ва қувур заводи жойлашган саноат зонасида бўлиб ўтаётганди. Ушбу участкалар ҳозиргача украин қўшини назоратида қолаётганди.

Украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовец 3 январ куниёқ Украина қуролли кучлари амалда Кураховони тарк этгани ҳақида ёзганди.

















