Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Швецияда Tesla’га қарши иш ташлаш сабаб 100 дан ортиқ зарядлаш станцияси электр энергиясидан узиб қўйилди
Ноябр ойидан Швецияда Tesla компаниясининг Supercharger зарядлаш станциялари очилишни бошлади, аммо улар электромобилларга хизмат кўрсата олмаяпти.
Швецияда сўнгги ҳафталарда Tesla ва бошқа электромобил эгалари компаниянинг Supercharger электр зарядлаш станцияларида узоқ вақт навбатда туришга мажбур бўлмоқда. Бунга Tesla компаниясига қарши иш ташлашлар фонида 100 дан ортиқ станция электр энергиясидан узиб қўйилгани сабаб бўлмоқда.
Швецияда Tesla компаниясига қарши иш ташлашлар бир йилдан ортиқ давом этмоқда. Жараёнга мамлакатнинг энг йирик автомобил ва металл ишлаб чиқарувчилари касаба уюшмаси IF Metall раҳбарлик қилмоқда. Нафақат Tesla ишчилари балки, улар билан бирдамлик сифатида электр тармоқлари операторлари ҳам компанияга ўз норозилигини билдириб, янги Supercharger станциялари очилишига тўсқинлик қилмоқда.
Supercharger станцияларидан биридаги навбатлар акс этган видеога Tesla компаниясининг зарядлаш бўйича директори Макс де Зегер муносабат билдирди. Унинг айтишича, вазият туфайли 100 дан ортиқ янги станция электр таъминотисиз қолганига қарамай, компания ҳамон янги станцияларни очиш устида иш олиб бормоқда.
Шу билан бирга, де Зегер ҳозирча зарядлаш станцияларини ишга туширишнинг аниқ йўли йўқлигини таъкидлади. У ҳайдовчилар кутиш заруратидан азият чекаётганини, бу эса мамлакат электромобил инфратузилмасининг бошқа ҳудудлардан орқада қолишига сабаб бўлаётганини қўшимча қилди. Компания вакили жамоатчиликни муаммони ҳал қилиш учун ҳукуматга мурожаат қилишга чақирди.
Ўз навбатида IF Metall иш ташлашга барҳам бериш шартини эслатган.
“Tesla Sweden коллектив шартномани имзоласа, иш ташлаш ҳам, бирдамлик сифатида иш ташлаш ҳам дарҳол тўхтатилади”, — дейди IF Metall вакили.
Иш ташлаш сабаби нима?
Швециядаги Tesla компаниясининг 100 дан ортиқ ходимига вакиллик қилувчи IF Metall Tesla’дан ижтимоий кафолатлар тўғрисидаги ҳужжатни имзолашни талаб қилмоқда, аммо компания бундан бош тортмоқда. The Guardian газетасининг ёзишича, Швециядаги бошқа соҳа ходимлари ҳам иш ташлашга қўшилган: порт ишчилари денгиз орқали келтирилган автомобилларни қабул қилмаяпти, почта хизмати автомобил рақамларини етказиб бермаяпти, электр операторлари эса қувватлаш станцияларига хизмат кўрсатмаяпти. Швецияда бундай “бирдамликда иш ташлаш”га рухсат берилган. Tesla раҳбари Илон Маск эса ишчиларнинг ҳаракатларини “ақлсизлик” деб атаган.
Tesla Швецияда судга бир неча даъво аризасини тақдим этди. Улардан бирида суд компанияга транспорт агентлигидан автомобил рақамини тўғридан тўғри (почтанинг иштирокисиз) олишга рухсат берди.
World Resources Institute тадқиқот ташкилоти маълумотларига кўра, Швеция нисбатан кичик мамлакат бўлишига қарамай, сотилаётган автомобилларнинг умумий сонида электромобиллар улуши юқори бўлган топ уч давлат қаторига киради: 32 фоиз. Фақат Норвегия (80 фоиз) ва Исландия (41 фоиз) ундан олдинда. The New York Times ёзишича, Швецияда Tesla ишқибозларининг сони ошиб бормоқда, Германияда ишлаб чиқарилаётган Model Y мамлакатда энг кўп сотилган электромобиллардан бири ҳисобланади.
Мавзуга оид
09:42 / 19.06.2026
Rivian Teslaʼга рақобатчи автопилот тайёрламоқда
22:29 / 13.06.2026
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида илк бор миграция соҳасида битим ва қўшма декларация имзоланди
11:40 / 12.06.2026
Xiaomi Tesla ва BYDʼга қарши янги модел билан чиқмоқчи
23:00 / 10.06.2026