Ўзбекистонда йил давомида маъмурий қамоққа олинганлар сони 80 мингдан кўпроқ ва бу рақамлар ошиб бормоқда. Kun.uz судя ва ҳуқуқ фаоллари билан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинлаш, судларга босим, «навбатчи» моддалар ва адолат ҳақида интервью ташкил қилди.
Kun.uz долзарб мавзу юзасидан ЖИБ Чилонзор туман суди судьяси Сарвар Мамадиев, Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ва адвокат Абдумалик Абдуллаев иштирокида интервью ташкил қилди. Интервьюга, шунингдек Ички ишлар вазирлигидан ҳам вакил чақирилган эди, лекин вазирлик мутахассис ажратолмаслигини маълум қилди.
Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда 35 мингдан ортиқ, 2023 йилда 80 мингдан ортиқ кишига маъмурий қамоқ жазоси қўлланган. 2024 йилнинг биринчи ярмида бу рақамлар 45 мингдан ошган. Афсуски, бу турдаги жазони қўллаш ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда. Фаоллар ва жамоатчилик наздида маъмурий қамоқ жазоси кўп ҳолларда кучишлатар тузилмалар учун берилган вақтдан фойдаланиб қолиш учун имконият.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, сўнгги вақтларда «майда безорилик» ҳамда «ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» моддаси билан фуқароларга маъмурий қамоқ жазоси бериш кучайиб бормоқда. Суд вакили эса ўз тажрибасида «жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш» моддасида содир қилинган ҳуқуқбузарликни қайта содир қилиш оқибатида маъмурий қамоққа олинаётганлар кўплигини маълум қилди. Шунингдек, Сарвар Мамадиевга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни концептуал жиҳатдан тўлиқ қайта кўриб чиқиш керак.

– Кодексда бирор бир маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо сифатида қамоқ муддати «15 суткагача», деб белгиланган бўлса, уни аниқ белгилашда судья нимага эътибор беради? Бунда судьяга ташқи таъсирлар бўлиши мумкинми?
Сарвар Мамадиев, ЖИБ Чилонзор тумани суди судьяси:
– Судьялар эътибор берадиган нарсалар шуки, қонунлардан чиқиб кета олишмайди. Суд ҳужжатига қўйилган талаб учта: суд қарори қонуний, адолатли ва асосланган бўлиши керак. Қонунийлик шундаки, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан ва кодексга манба бўлган ҳужжатлардан ҳам чиқиб кетмаслигимиз керак. Асосланганлик маъносида ҳар бир қарор далиллар билан исботланиши керак; ҳаракатлар ёки ғайри ижтимоийликни тасдиқловчи ҳақиқий маълумотлар бўлиши керак. Ҳукмингиз ёки қарорингиз асосли бўлиши керак. Адолатлиликнинг қатъий мезонлари белгиланмаган. Жазо – жаримадан бошлаб ўн беш суткагача унинг қилмишидан оғир бўлмаслиги, керак дейиляпти. Уни қайси ҳолатда жаримага, қайси ҳолатда маъмурий қамоққа олиш мумкинлигини қилмишга бўлган муносабатидан, яъни агар бу қилмиш тасдиқланяпти, ҳақиқий маълумотлар ва далиллар мавжуд бўлса, унда пушаймонлик борми-йўқми, айбини сезяптими ёки қилмиши унга таъсир қилмаяптими? Унинг ижтимоий ҳолати ҳам текширилади. Шулардан келиб чиқиб, судья ўз ички ишончига асосланган ҳолда жазо белгилайди. Қонунда қатъий мезон белгиланмаган, ҳар бир ҳолат индивидуал равишда кўриб чиқилади ва судья қарор қабул қилади.








