Трампнинг Гренландия, Канада ва Панама каналига даъволари шундоғам оёқости бўлиб кетган халқаро ҳуқуққа яна бир зарба бўлиши мумкин. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар ўзини халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси деб кўрсатиб келган АҚШ ва тажовузкор Россиянинг сўнгги ўн йилликлардаги ҳаракатларини таҳлил қилди.
Шуҳрат Расул: Трампнинг даъволари – шак-шубҳасиз империализм. Трамп ўзининг фикрлари билан дунёни 19-асрнинг бошларига, Наполеон урушлари даврига олиб келиб қўйяпти. Бу – масъулиятсизлик. Бу – шармандалик.
Қўшма Штатлар шу пайтгача тўғрими-нотўғрими, ҳар ҳолда ўзини халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида кўрсатар эди. 1945 йилдан то Трамп давригача Америкага ҳамма “халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси” деб қарарди. Зўравонлардан мазлумларни, кичкина давлатларни, кичкина миллатларни ҳимоя қилиб келар эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига, тартибга чақириб турадиган бир давлат эди.
Энди унинг президенти бўлган жаноб Трамп айтяптики, ҳамма нарсага тупурдик, биз фалон жойларни ўзимизники қилиб оламиз, деяпти. Агар бу ишлар амалга ошадиган бўлса, дунё халқаро ҳуқуқсизлик даврига, Наполеон Бонапарт даврига, XIX асрга қайтган бўлади.
Ҳозир Америкада нафақат демократлар, балки Америкадаги ҳур фикрлилар ўртасида ҳам Трамп шаънига ҳар хил гаплар ёғиляпти. Жуда обрўли одамлар уни матбуотда энг камида аҳмоқ деяпти.
Камолиддин Раббимов: Бу сафарги сайловларда Трамп нафақат президент бўлди, балки конгресс ҳам, сенат ҳам республикачилар қўлига ўтди. Ундан ташқари, АҚШдаги энг қудратли давлат органи Олий судда ҳам консерватор судялар сони кўпроқ. Бунақаси Америка тарихида камдан кам содир бўлади.
Гренландия масаласида. У ерда бор-йўғи 50 минг одам яшайди. Агар Трамп режасини амалга оширмоқчи бўлса, орол Даниядан ўзини мустақил деб эълон қилиши, 50 минг киши референдум ўтказиб, “биз мустақилмиз”, деб айтиш керак. Сўнгра яна бир марта референдум ўтказиб, “биз Америкага қўшиламиз”, деб айтиши керак. Бунинг рўй бериши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.
Фарҳод Каримов: Гренландияни ҳозирги ҳолатда АҚШ ўзига қўшиб олиши жуда қийин. Чунки АҚШ ва Дания – НАТО шартномасининг энг бирламчи имзоловчиларидан саналади.
Бундай ҳолатда Дания таркибида бўлиб турган Гренландияни давлат қилиб қўшиб олиши НАТОнинг уставига тўғри келмайди ва бу ерда иккита тараф бир-бирини ҳимоя қилиши керак. Бир-бирининг ҳудудий дахлсизлигига таҳдид бўладиган, НАТО кучга кирадиган пайтда ким қайси тарафда бўлиб қолади деган масала бор. Шунинг учун ҳозирги ҳолатда Трампнинг баёноти – шунчаки риторика.






