Саммитда БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Италия бош вазири Жоржа Мелони, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, Финляндия бош вазири Петтери Орпо ҳамда бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Мирзиёев ўз нутқида бугунги кунда энергетика манбаларини диверсификация қилиш, улардаги углеводород улушини кескин камайтириш – иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.
Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир.
– Шу боис 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилдик, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Ўзбекистонда Кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва “яшил” молиялаштириш миллий дастури ишлаб чиқилгани, инвестиция лойиҳаларида “яшил” компонентлар келгуси беш йилда 50 фоизгача кўпайтирилишини қайд этди.
Иссиқхона газларини мониторинг қилиш ва эмиссия учун квоталар савдоси бўйича миллий тизимларни жорий этиш ишлари давом этмоқда. 2030 йилга бориб иссиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга қисқартириш ва бу мажбуриятни босқичма-босқич ошириб бориш режа қилинган. “Яшил макон” дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилади. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни 100 фоиз татбиқ этиш тизимли чоралари кўрилмоқда.
Мирзиёев тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётнинг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун “яшил” қувватлар жадал ривожлантирилаётганига эътибор қаратди.
– Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гиваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди, – деди давлат раҳбари.
Ҳозир хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 миллиард доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
– Бугунги кунда “яшил” тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди, деди Шавкат Мирзиёев.









