Жаҳон | 16:40 / 16.01.2025
2933
2 дақиқада ўқилади

Кўк чой кексаларда мия саломатлигини сақлайди — тадқиқот

Кекса одамларда кўк чойни мунтазам истеъмол қилиш билан миянинг оқ моддасидаги шикастланишлар камайиши ўртасида боғлиқлик аниқланди. Мазкур ичимлик ақлий қобилиятларни сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин.

Фото: Unsplash

Япониялик олимлар 65 ёшдан ошган 8766 кишининг маълумотларини таҳлил қилди. Улар МРТ натижалари ёрдамида кўк чой истеъмоли ва бош мия ҳолати ўртасидаги боғлиқликни ўрганди, деб хабар бермоқда Medical Xpress нашри.

Таҳлил жараёнида мия оқ моддасидаги шикастланишлар сонининг камайиши ва яшил чойни мунтазам истеъмол қилиш ўртасида сезиларли боғлиқлик аниқланган. Хусусан, ҳар куни ушбу ичимликни уч пиёла (600 мл) ичган кексаларда оқ модданинг зарарланиши, бир пиёла (200 мл) билан чекланганларга нисбатан 3 фоизга камроқ экани маълум бўлган. Кунига 7-8 пиёла чой ичганларда эса бундай бузилишлар сони бир пиёла билан чекланган гуруҳга нисбатан 6 фоизга кам бўлган.

Тадқиқот доирасида кўк чой истеъмоли ва гиппокамп (миянинг қисқа муддатли хотира вазифасини бажарувчи қисми) ёки бош миянинг умумий ҳажми ўртасида сезиларли боғлиқлик аниқланмади. Бундан ташқари, ушбу ичимлик депрессиядан азият чекадиганлар ва Алцгеймер касаллигига юқори даражада мойил одамлар учун камроқ самарали экани маълум бўлди.

Кўк чойдаги моддалар қон томир шикастланишларини юмшатиши ва мия саломатлигини яхшилаши тахмин қилинади. Бироқ уларнинг бевосита таъсири ҳали тажрибалар орқали исботланмаган.

Олимлар чойдан ташқари қаҳвани ҳам ўрганди, аммо бу ичимлик юқоридаги кўрсаткичларга сезиларли таъсир кўрсатмади.

Маълумотлар 2016 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда тўпланган. Улар 65 ёш ва ундан катта бўлган 8766 нафар иштирокчининг парҳез ва когнитив баҳолари ҳамда МРТ текширувларини ўз ичига олади. Мутахассислар кунлик кўк чой ва қаҳва истеъмолини ўлчаш учун тўрт гуруҳга (0−200 мл, 201−400 мл, 401−600 мл ҳамда 601 мл ва ундан юқори миқдорда истеъмол қилувчилар) бўлинган сўровномадан фойдаланишган.

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид