20-24 январ кунлари Швейцариянинг Давос шаҳрида йигирманчи бор Жаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтяпти.

Анжуман дунё етакчиларини “Ақл-идрок асри учун ҳамкорлик” мавзусида бирлаштириб, унда асосий эътибор бешта йўналишга қаратилмоқда: тараққиётни қайта кўриб чиқиш, интеллектуал даврдаги саноат, инсон капиталига сармоя, сайёрани ҳимоя қилиш ва ишончни тиклаш.

Форум аввалида ташкилотчилар Глобал рисклар ҳисоботининг 2025 йилги нашрини эълон қилди.

Ҳисобот жорий глобал манзарани очиб беради: барқарорлик ва тараққиёт тобора кучайиб бораётган геосиёсий, экологик, ижтимоий ва технологик муаммолар исканжасида қолган.

Бу йилги сўров натижаларига кўра, давлатлар даражасидаги қуролли можаролар 2025 йил учун энг долзарб глобал хавф сифатида кўрилмоқда. Сўровда қатнашган респондентларнинг деярли тўртдан бир қисми уни энг жиддий муаммо деб баҳолади.

Қасддан бузиб талқин қилинган ва нотўғри маълумотлар кетма-кет иккинчи йил қисқа муддатли асосий хавф бўлиб қолмоқда: бу хавф жамият ҳамжиҳатлиги ва бошқарувига доимий таҳдид солади, ишончга путур етказади ва мамлакатлар ичида бўлинишни кучайтиради.

Бошқа асосий қисқа муддатли хатарларга экстремал об-ҳаво ҳодисалари, ижтимоий қутбланиш, кибержосуслик ва уруш киради.

Узоқ муддатли экологик хавфлар, яъни экстремал об-ҳаво ҳодисалари, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва экотизимнинг қулаши, Ер системаларидаги жиддий ўзгаришлар ва табиий ресурслар танқислиги кабилар 10 йиллик хатарлар рейтингида етакчилик қилмоқда.

Узоқ муддатли хатарлар сифатида дезинформация, нотўғри маълумотлар ва сунъий интеллект технологияларининг салбий таъсири билан боғлиқ технологик хавфлар қайд этилган.