Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўлкирани нақд пулда тақиқлангани ортидан 2025-йил 1-январдан транспорт карталарига эҳтиёж ортиб кетди. Бунинг ортидан ҳатто транспорт карталари олибсотарлари пайдо бўлди. Тўловларни электронлаштиришнинг янги босқичига ўтишда юзага келаётган муаммоларга автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори бўлган АТТО компанияси қандай ечимларни ишлаб чиқмоқда? Компания ижрочи директори Даврон Шоёқубов Kun.uz’га бу ҳақида гапириб берди.
Транспорт карталарига талабнинг ортишига мос равишда кассаларни таъминлаш учун ташкилот қандай тайёргарлик ишларини амалга оширди?
– Карталарни етказиб бериш бўйича йил бошига белгиланган режа аввалги даврга нисбатан 3 баробарга кўп эди. Бироқ сотувлар кутилганидан зиёдроқ бўлди. 2024 йилда жами 250 минг, декабр ва январ ойининг биринчи 20 кунида эса 150 минг транспорт картаси истеъмолчилар томонидан харид қилинди. Авваллари ойига 20-25 мингтадан сотилган бўлса, январга келиб мазкур ҳажм кунлик сотувлар кўрсаткичига айланди.
Ой бошидан бери 200 мингта карта муомалага чиқарилди, январ охирига қадар яна 150 минг картани йўловчиларга етказиб бериш режа қилинган. Умумий ҳисобда январ-феврал ойлари учун 350 минг дона транспорт карталарини чиқариш кўзда тутилган. Карталар кассаларга доимий равишда тақдим этилади, бунда уларнинг сони мавжуд талабга мувофиқ белгиланади.
Тўлов карталари кассаларга етказиб берилаётганига қарамай, тез тугаб қоляпти. Бу борада ижтимоий тармоқларда аҳоли томонидан билдирилаётган турли эътирозларни ҳам кўриш мумкин. Жараён фақат талабнинг кескин ўсишига боғлиқми?
– Мурожаат марказимизга "карталарни топиб бўлмаяпти, кўчада эса улар қиммат нархларда сотиляпти” деган шикоятлар келиб тушяпти. Бу чайқовчилик механизмлари қўлланаётгани билан боғлиқ. Бир истеъмолчи 20 дан ортиқ ёки кассадаги ҳамма картани сотиб олган ҳолатлар учрамоқда. Хусусан, карталарни ўз нархида харид қилиб, кассада қолмаганидан кейин кўчада уларнинг нархини сунъий ошириб, 30-50 мингдан таклиф қиляпти.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун бир фойдаланувчига икки донадан ортиқ карта сотилмаслиги бўйича тизим йўлга қўйиляпти. Бу чайқовчилик ҳаракати ва нофаол карталар сони кўпайишининг олдини олади. 15 январ ҳолатига 360 мингта карта тизимда рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 80 мингтаси фаол ҳолатда эмас, яъни тўлов жараёнида фойдаланилмаяпти.













