Россия олигархларининг ғарб санкциялари остидаги компаниялари Нидерландияда тўсиқсиз фаолият юритишни давом этмоқда, деб хабар беради NOS. Нашр маълумотларига кўра, миллиардерлар ўз компанияларига микробизнес мақомини беришда маҳаллий қонунчиликдаги бўшлиқлардан фойдаланяпти. Мазкур юридик манёвр уларга молиявий оқимларни яшириш ва ҳисобот бўйича қатъий талаблардан қочиш имконини беради.
Шу каби бизнесменлардан бири пўлат магнати Алексей Мордашовдир — у 1990 йилларда Россиянинг энг бадавлат инсонларидан бирига айланган ва Украинага қарши уруш бошланганидан кейин санкцияга учраганлар рўйхатига киритилган. Унинг Амстердамни рўйхатдан ўтказилган SMTT Holding компанияси 65 миллион еврога баҳоланади, шу билан бирга, компания микрокорхона сифатида таснифланади — бу унга муҳим молиявий маълумотларни яширишда ёрдам беради.
Яна бир мисол — ВТБ банкининг шуъба корхонаси бўлган Airport Alliance бўлиб, уни Путиннинг узоқ йиллик ҳамкори Андрей Костин бошқаради. Компания АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва бошқа қатор давлатларнинг санкциялари остида. Нидерландияда, шунингдек, миллиардер Михаил Гуцериевга боғлиқ Safmar компанияси ҳам фаолият юритади. Гуцериев Россия раҳбарияти ва Александ Лукашенко билан алоқалари туфайли Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатларнинг санкциялари рўйхатига киритилган.
Нидерландия қонунчилигига кўра, қуйидаги талаблардан камида иккитасига мос келса, микробизнес мақомини олиши мумкин: камида 10 нафар ходим; 450 минг евродан ошмайдиган баланс қиймати; 900 минг евродан ошмайдиган йиллик соф даромад. Микробизнес мақомининг берилиши компанияларга даромад, солиқ ва активлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этмаслик, молиявий ҳисобот аудитидан ўтмаслик, йилига минимал миқдорда ҳисобот топшириш имкониятларини тақдим этади.
Нашрнинг таъкидлашича, аввалига ушбу қоидалар кичик бизнесга нисбатан бюрократик босимларни камайтириш мақсадида қабул қилинган, аммо эндиликда ундан трансмиллий корпорациялар ва россиялик олигархлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда.
Булар орасида мажбурий аудитдан озод этилиши муҳим аҳамият касб этади. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, йирик халқаро бухгалтерлик компаниялари россиялик мижозлари билан алоқаларни узди ва санкциялар остидаги кўплаб бизнесменлар аудитор топишга қийнала бошлади. Масалан, Дмитрий Пумпянский ва Игор Кесаев Нидерландиядаги компаниялари учун янги бухгалтерларни топа олмади. Аммо Мордашов бу муаммодан қутулиб қолди, чунки SMTT Holding микрокорхона сифатида тан олинган.
















