Ўзбекистон | 16:20 / 01.02.2025
6487
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги заправкада автобус газбаллони портлади

Ҳодиса Янгийўл туманидаги «Регистон» МФЙ ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Янгийўл туманидаги заправкада автобуснинг газбаллони портлагани юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 1 феврал куни соат 08:40 да Янгийўл тумани «Регистон» МФЙ Навбаҳор кўчасида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларнинг бирида Isuzu русумли транспорт воситасига ўрнатилган газбаллонидаги газ тўлдириш учун мўлжалланган қисмига уланган махсус металл мослама чиқиб кетган. Натижада газ юқори босим билан ҳавога чиқиши кузатилган.

Содир бўлган ҳолат оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

«Шу ўринда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқаролардан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида белгиланган қоидаларга амал қилишларини сўраб қолади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрда Қашқадарёда автобусда газбаллони портлаши оқибатида 4 киши жароҳат олганди, шунингдек, 2024 йил октябрда Қашқадарёда газ-заправкада портлаш содир бўлгани тўғрисида хабар берилган эди. Ҳодиса «Камаз» автомобилидан газ сақлаш ёмкостига газ қуйиш вақтида юз берган. Портлашдан сўнг келиб чиққан ёнғин қарийб 1 соатда ўчирилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид