Ўзбекистон учун асосий чақириқлардан бири бу – демографик дивиденддан самарали фойдаланиш. Ваҳоланки, ишчи кучининг катта қисми яхши иш шароитлари излаб хорижга миграция қилмоқда.

2023 йил декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистондан меҳнат мигранти сифатида кетганларнинг сони икки миллион кишини ташкил этди: 1 452 300 эркак (72,4 фоиз) ва 547 700 аёл (27,6 фоиз). 2023 йилда Ўзбекистонга қайтган мигрантлар сони 218,8 минг кишига етди (2022 йилда 214,8 минг киши), чиқиб кетган мигрантлар сони эса 233,2 минг кишини ташкил этди (2022 йилда 221,5 минг киши).

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аксарияти Россия Федерациясида (1,2 миллион киши ёки умумий мигрантлар сонининг 60 фоиз), ундан кейин Қозоғистон (191,8 минг киши ёки 10 фоиз), Туркия Республикаси (113,8 минг киши ёки 6 фоиз), Жанубий Корея (68,1 минг киши ёки 3 фоиз) ва бошқа мамлакатларда (424,4 минг киши ёки 21 фоиз).

Ўзбекистоннинг хориждаги меҳнат мигрантлари қурилиш (52,7 фоиз), саноат (12,8%), хизмат кўрсатиш (9,7 фоиз), умумий овқатланиш (6,9 фоиз), савдо-сотиқ (6,7 фоиз), транспорт (4,3 фоиз), қишлоқ хўжалиги (4,1 фоиз) ва бошқа соҳаларда (2,8 фоиз) банд.