Трампнинг Ғазо сектори бўйича баёноти АҚШнинг Исроил ва Фаластин масаласидаги позициясини қайта белгилаши мумкин. Хўш, АҚШ минтақага қўшин юборса, у ердаги вазият қандай шаклланади?

Ғазо секторидаги ҲАМАС ва шунга ўхшаш гуруҳлар билан ҳарбий тўқнашувлар эҳтимоли ортадими? Минтақадаги Туркия ва Саудия Арабистони каби давлатларнинг ушбу мавзуда позициялари қандай? «Геосиёсат»да сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Ҳабибуллохон Азимов куннинг энг баҳсли мавзуси юзасидан ўз фикрларини бўлишди.

— Фарҳод Каримов: Нетаняҳунинг ташрифи, АҚШда Трампнинг янги даврида биринчи хориж давлат раҳбарини қабул қилиши бўлди. Бунда ҳам ўзига хос белгилар бор.

Нетаняҳу ҳам айнан Ғазодаги қирқ икки кунлик сулҳнинг ўн олтинчи куни АҚШга кетди. Яъни ўн олтинчи кунида ушбу сулҳнинг иккинчи босқичига ўтиш керак эди, бу дегани ЦАҲАЛ шимолга қараб юриб ҳудудни тарк этиши керак эди. Айнан шу жараён ҳозир Бибининг расмий ташрифи билан кечиктирилди. Учинчидан эса Исроилнинг ички коалицион ҳукуматида босимлар кучаймоқда.

Қирқ икки кунлик муҳлат тугашига яқинлашгани сари бу сулҳни узайтириш ҳақидаги айрим таклифлар жиддий эътирозга сабаб бўляпти. Ҳаттоки коалицион ҳукумат Нетаняҳудан воз кечишга ва ҳукуматни қайта шакллантириш ҳақида ҳам гап-сўзлар юрибди.

Мана шундай босимлар ортида Нетаняҳу нафақат Ғазонинг келажак тақдири, балки ўзининг сиёсий тақдири ҳақида ҳам бош қотириб Вашингтонга кетди.

АҚШ томонидан ушбу ҳудудлар тўлиқ назоратга олиниши керак бўлса, ҳарбийлар ҳам юборилиши назарда тутилган. Шу ерда қайта қуриш вайрон бўлган ҳудудларда авариявий ҳолатларда портламай қолган бомбалардан тозалашни ва янги туристик иқтисодий зонани ташкил этишни таклиф этди. Шу орқали Нетаняҳуга гўёки Трамп янги бир версия бергандай бўлди. Бу версия билан Нетаняҳу ўзининг кабинети билан муҳокама қиладиган бўлса, унга айрим босимлар камаядиганга ўхшайди.

Трамп сўнгги пайтлардаги чиқишларида Гренландия, Панама, Мексика қирғоғи ва Украинанинг сиёсий масалалари ҳақида ҳам шунақа чиқишлар қилган эди, лекин ҳали бир аниқ қадамларга ўтгани йўқ.

Худди шундай ўйлайман, Фаластин ёки Ғазо масаласида ҳам қаттиқ қўрқитишлар орқали сиёсий босим қилиш орқали масалага ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Трамп учун бу осон бўлмайди ва биринчи навбатда у изоляцияга тушмоқда.

Ундан ташқари у чексиз урушларни тўхтатмоқчи. Иқтисодий харажатларни камайтирмоқчи бўляпти, молиявий харажатларни камайтирди, ҳатто НАТОдаги улушни ҳам қисқартириб, керак бўлса Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги улушни ҳам қисқартирмоқчи бўлаётган пайтда ҳозир яна чексиз катта бир харажатларга сабаб бўлувчи уруш ёки ҳарбий операция бошлаш, Трампнинг ўзига ҳам керак бўлмаса керак.