Украина қуролли кучлари қўмондонлиги бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмаган.

«Украина қуролли кучлари Курск областида яна „гўшт штурм“ бошлади. Айни вақтда Махновка, Черкасская Конопелка, Уланок ва Суджага 7 километр масофадаги Фанасеевка қишлоғида жанглар кетмоқда.

Душманнинг қарши ҳужумида кўп сонли техникалар: жанговар зирҳланган машиналар, танклар, траллар ва шахсий таркибнинг юздан ортиқ жангчиси қатнашмоқда», — деб хабар берган «Северний ветер» z-канали.

«Рақиб РФ қуролли кучлари бўлинмаларини Махновка аҳоли яшаш пунктидан сиқиб чиқаришга уринмоқда, Уланок аҳоли яшаш пункти атрофида ҳам жанглар тўхтамаяпти, — деб ёзади россиялик журналист Борис Рожин. — Рақиб техникада (танклар, жанговар зирҳланган машиналар) учта баталён кучлари билан ҳужум қилмоқда, уларга қарши авиация ва артиллериямиз ишламоқда. Вазият оғир».

Истиқболсиз йўналиш

Роппа-роса ярим йил муқаддам украин қўшини Курск областига бостириб кирганди. Ўшанда улар Россиянинг 1000 километр квадратдан ортиқ ҳудудини эгаллаб олганди.

Россия қўшини ўтган вақт ичида бой берилган ҳудудларининг катта қисмини қайтариб олганига қарамай, Курск областининг 500 километр квадрат ҳудуди, жумладан Суджа райони маркази ҳам ҳамон Украина қуролли кучлари назорати остида қолмоқда.

Украин ҳарбийларининг бу сафарги фаоллашуви ушбу шаҳардан жануби-шарқда кузатилмоқда. Фронтнинг мазкур участкаси Украина қуролли кучлари учун истиқболли кўринмайди — бу ҳаракатланиш қийин ва аҳоли кам яшовчи ҳудуд, Курск областининг асосий шаҳарлари эса бошқа йўналишда, Суджадан шимолда жойлашган.

Катта эҳтимол билан, украинларнинг бу амалиётдан мақсади — Россиянинг район марказига энг яқин жойлашган ҳарбий бўлинмаларини шарққа суриб ташлаш ва бу билан Суджа штурми хавфини аритиш ҳисобланади. Украина қуролли кучлари Суджа устидан назоратни бой берадиган бўлса, Курск областининг қолган қисмини ушлаб туришдан маъно қолмайди.

Украинлар қарши ҳужуми муваффақиятли чиқадиган бўлса, Россиянинг Суджага жануби-шарқдан яқинлашиб келаётган, Плехово қишлоғи ҳудудида турган гуруҳи қуршов хавфи остида қолади. Бу гуруҳ шимолдан ва жанубдан - Украина чегараси билан қисиб қўйилади. Бу ҳудудда йўллар йўқ ва чекиниш ҳам қийин бўлади.