Ўзбекистон | 16:16 / 08.02.2025
1257
2 дақиқада ўқилади

«Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилига мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди

2025 йилда мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари белгиланди.

Фото: iStock

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

- маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;

- аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;

- табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;

- ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;

- «яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;

- республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш.

Мавзуга оид