Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқот қилмоқда.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида азм-у шижоатли, навқирон ёшлар билан учрашиб турганидан мамнунлигини билдириб, уларнинг тимсолида Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини таъкидлади.
«Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, ёшлик – бу қалбнинг олтин сози. Бунга қўшимча қилиб, ёшлар – халқимизнинг, Ватанимизнинг олтин фонди, десак тўғри бўлади. Аҳолимизнинг 60 фоизини айнан ёшлар ташкил этиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Бугунги кунда биз мард ва матонатли халқимизга, серғайрат ёшларимизга ишонганимиз учун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўймоқдамиз, маррани баланд олмоқдамиз. Келгусида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийлар қаердан пайдо бўлади? Бу улкан вазифаларни ким бажаради?
Мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Албатта, бу эзгу ғояларни сизлар – бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари амалга оширасизлар», - деди президент.

Ёшлар турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётгани таъкидланди.
«Ҳозирги вақтда дунёдаги «топ» олийгоҳларда 1,5 мингдан зиёд талабаларимиз таҳсил олмоқда. Бу Ўзбекистон учун тарихда кузатилмаган воқелик. Яқинда Бирлашган Араб Амирликларида ўтган катта форумда Тошкент шаҳридаги Президент мактаби глобал даражада энг нуфузли номинацияда ғолиб деб топилди.
Бунинг бош омили нимада, деб сўрасангиз, мен аввало ёшларга муносабат давлат миқёсида бутунлай ўзгарганида, деб жавоб берган бўлардим. Ўғил-қизларимиз ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини сезиб, ўзларига беқиёс куч олмоқда», - деди президент.
Бундан беш йил олдин Сенат ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти ташкил этилган эди. У ерда ёшлар сиёсий етакчилик, демократия мактаби, парламентаризм мактаби қандай бўлишини амалда кўрди. Охирги сайловда ана шу ёшлардан икки нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари кенгашларга депутат бўлиб сайланди.
«Энди барча тизимдаги раҳбарлар ёшларнинг баралла овозини эшитишга мажбур. Ёшлар буюк келажагимизнинг асосий бўғини эканлигини тушунмаган раҳбар бизнинг сафимизда бўлишга ҳаққи йўқ», - деди президент.

















