Ҳужжат билан қонун ҳужжатларига куйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • унитар корхона ва қўшимча масъулиятли жамият шаклларини тугатиш;
  • юридик шахсларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этишда корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш ҳужжатида акс эттирилган ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар қайта ташкил этилаётган юридик шахсга ўтказилиши;
  • корпоратив шартнома, консорциум ва консорциум шартномаси каби институтларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
  • МЧЖ таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги талабни бекор қилиш;
  • хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг акциялар, корпоратив облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорларини ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор этиш;
  • ИЛМА (Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги) томонидан қимматли қоғозлар чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга доир лицензия берилганлигига тааллуқли ахборотни эълон қилиш.

Хўжалик жамиятининг иштирокчилари ёки айрим иштирокчилари ўз аъзолик ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида ўзаро корпоратив шартнома тузишга ҳақли. Шартномага мувофиқ мазкур хўжалик жамиятининг иштирокчилари ўз аъзолик ҳуқуқларини амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш (воз кечиш), шу жумладан: 

  • жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида овоз бериш;
  • жамиятни бошқариш бўйича ҳаракатларни келишиб амалга ошириш;
  • ўз устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (акцияларини) маълум нархда ёки муайян ҳолатлар юзага келганда қўлга киритиш ёки бошқа шахсга бериш ёхуд қўлга киритишдан ёки бошқа шахсга беришдан ўзини тийиш мажбуриятини олади.

Корпоратив шартномага жамият иштирокчилари жамият органларининг кўрсатмаларига мувофиқ овоз бериши тўғрисидаги ва жамият органларининг тузилишини ҳамда уларнинг ваколатларини белгилаш ҳақидаги шартлар киритилиши мумкин эмас.

Корпоратив шартнома тарафлари хўжалик жамиятини корпоратив шартнома тузилганлиги тўғрисида шартнома тузилган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабардор қилиши шарт, бунда унинг мазмунини ошкор этиш талаб қилинмайди.

Шунингдек, консорциум шартномасининг хусусиятлари белгиланмоқда. Бундай шартномага асосан ташкил этилган юридик шахслар бирлашмаси алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмайди.