Жаҳон | 17:14 / 17.02.2025
1557
2 дақиқада ўқилади

АҚШ маъмурияти ядровий қуроллар билан ишлайдиган ходимларнинг ишдан бўшатилишини бекор қилди

Ходимларнинг бўшатилиши АҚШ Энергетика вазирлигининг 2 мингга яқин ходими қисқартирилгани билан боғлиқ. Айрим мутахассислар қарор бекор қилинганидан кейин ҳам ишга қайтишга шошмаяпти.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп администрацияси Ядро хавфсизлиги миллий бошқармасининг (NNSA) юзлаб ходимлари ишдан бўшатилишини бекор қилди, деб хабар беради Associated Press.

Ўтган ҳафта ОАВ агентликнинг 400 нафаргача ходими, жумладан, NNSA’да ядровий қуролларни яратиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи мутахассислар ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар берилганди. AP манбасига кўра, NNSA ходимлари 13 феврал куни «кутилмаганда» ишдан бўшатилган. 14 феврал куни кечқурун эълон қилинган хизмат қайдномасида «ваколатларини тугатиш тўғрисидаги қарор» бекор қилиниши ҳақида сўз боради (28 нафар ходимдан ташқари). Бундай қарор нима сабабдан қабул қилинганига ойдинлик киритилмаган.

CNN телеканалининг маълум қилишича, ишдан бўшатилган ходимлар орасида ядровий қурол ишлаб чиқариш объектларида фаолият юритган, шунингдек, улар учун талаб ва қўлланмаларни ишлаб чиқадиган мутахассислар ҳам бўлган. Телеканал манбасига кўра, аввалига ҳеч ким агентлик фаолияти миллий хавфсизликка боғлиқ эканини «тушунишга ҳаракат қилмаган».

NNSA ходимларининг бўшатилиши АҚШ Энергетика вазирлигининг 2 мингга яқин ходими қисқартирилгани билан боғлиқ. Қарор бекор қилинганидан кейин ҳам NNSA’нинг айрим ходимлари Илон Маск раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаменти сабаб юзага келган ноаниқликлар туфайли иш жойига қайтишни истамаган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид