Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп ядро хавфсизлиги бошқармасининг 300 дан ортиқ ходимини ишдан бўшатди
Ходимларнинг баъзилари Америка ядро қуроллари хавфсизлиги, жумладан, уларнинг ишлаб чиқарилишини назорат қилиш учун масъул бўлган.
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Ядро хавфсизлиги миллий бошқармасининг (NNSA) 300 дан ортиқ ходимини ишдан бўшатди, деб хабар берди CNN.
Телеканал манбаларига кўра, уларни ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилган амалдорлар бу ходимларнинг баъзилари Америка ядро қуроллари хавфсизлиги, жумладан, уларнинг ишлаб чиқарилишини назорат қилиш учун масъул эканини билмаган. Энди ушбу бошқарма бўйсунадиган АҚШ Энергетика вазирлиги қарорларни бекор қилмоқчи.
Энергетика вазирлиги ишдан бўшатишларни расман тасдиқлади, бироқ улар «50 нафардан кам одамга» таъсир қилганини ва асосан маъмурий лавозимдагилар кетганини маълум қилди.
Умуман олганда, бошқармада тахминан 1800 нафар ходим ишлайди. NNSA раҳбари вазифасини бажарувчи Тереза Роббинс ишдан бўшатилганларнинг кўпини қайтарилишини кутаётганини айтган.
Телеканалнинг қайд этишича, Миллий Ядро хавфсизлиги бошқармасидаги қисқартиришлар Конгресс аъзоларида хавотир уйғотган. CNN манбасига кўра, бир гуруҳ сенаторлар шу масала бўйича Энергетика вазирлиги раҳбари билан учрашган.