Бизни дунё билан боғлайдиган кичик қурилма аслида реал ҳаётдан узоқлаштираётгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Смартфоннинг руҳий ва жисмоний соғлиғимизга жиддий зарар етказаётганини-чи, сезасизми?

Кun.uz телефонларга керагидан ортиқ боғланиб қолиш натижасида юзага келган “рақамли қуллик” ва унинг оқибатларини ўрганди.

Симптомлар

Инсоннинг технологик воситаларга ҳаддан ташқари боғланиб қолиши натижасида ўз ҳаёти устидан назоратни йўқотиши рақамли қуллик дейилади. Бу тушунча, одатда, "телефонга қарамлик" ёки "технологик асирлик" каби иборалар билан ёнма-ён келади.

Смартфондан доимий фойдаланиш истаги, уни ишлатмаса ўзини нотинч ва ноқулай ҳис қилиш ҳолати – телефонга қарамлик ҳисобланади. Бу илмий тилда "номофобия" (no-mobile-phone phobia – телефонсиз қолишдан қўрқиш) деб ҳам аталади.

Телефонга қарамлик қуйидаги аломатлар билан намоён бўлади:

  • ҳеч қандай сабаб бўлмаса ҳам смартфон экранини очиб, унга қараб туриш;
  • ўқиш, иш ёки суҳбат мобайнида доимий равишда телефонга чалғиш;
  • ётишдан олдин узоқ вақт давомида телефон ишлатиш ва бунинг натижасида уйқу сифатининг ёмонлашиши;
  • ҳақиқий ҳаётдаги мулоқот ўрнига фақат интернет ва виртуал дунёга боғланиб қолиш.

Допамин тузоғи

Ижтимоий тармоқлар, мобил иловалар ва видеоўйинлар мулоқот қилиш, ҳордиқ чиқариш ва янгиликлардан хабардор бўлиш имконини беради. Лекин улар инсон миясида махсус мукофот тизимини шакллантириб, қарамликни ҳам келтириб чиқаради. Бу жараённинг асоси допамин деб номланган гормон билан боғлиқ. Допамин – мияда завқ ва мотивация ҳиссини уйғотадиган модда ҳисобланади.

Калифорния давлат университети олимлари ўтказган тадқиқотда ижтимоий тармоқларнинг миядаги рағбат тизимини қандай ўзгартириши ўрганилган. Бунинг учун МРТ (магнит-резонанс томография) ёрдамида миянинг фаолияти кузатилган. Изланишларда маълум бўлишича, ҳар сафар ижтимоий тармоқлардан билдиришномалар келганда, миянинг "мукофот маркази" (стриатум) фаоллашади. Бу – инсонда завқланиш ҳолатини ҳосил қилади, яъни қанча кўп лайк ёки изоҳ қолдирилса, шунча кўп допамин ажралади. Шунинг ортидан фойдаланувчи платформада узоқроқ қолишга мойиллашади.